Мирзиёев Алиевни Қорабоғдаги ғалаба билан табриклади
Жамият
−
03 Ноябрь 2023
6314Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонни Қорабоғ ерларини қайтариб, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклагани билан қутлади. Бу ҳақда у бугун, 3 ноябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтаёттган Туркий давлатлар ташкилотининг 10-юбилей саммитидаги нутқида сўз очди.
У Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга юзланиб, уни қадрли биродарим, Озарбайжонни эса Туркий дунёда катта обрў-эътиборга эга мамлакат деб атади.
“Барчангиз яхши биласиз туркий дунёда дўст Озарбайжон халқи ўзининг муносиб ўрни ва катта обрў-эътиборига эга. Сўнгги йилларда Озарбайжон халқи қадрли биродарим Илҳом Ҳайдарович етакчилигида оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда. Тарихий адолат қарор топиб, мамлакатнинг ажралмас қисми бўлган Қорабоғ ҳудудини бунёдкорлик маконига айлантириш борасида улкан натижаларга эришилмоқда”, дейди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари сўзида давом этаркан, жорий йилнинг 22-23 август кунлари Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифини эслади.
“Мен август ойида Шуша ва Фузулий шаҳарларида бўлиб, кенг кўламли ўзгаришларга, замонавий инфратузилма барпо этилаётгани, вайрон бўлган маданий мерос объектлари қайта тикланаётганига шахсан гувоҳ бўлдим. Озарбайжон халқини буюк ғалаба – мамлакат ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тиклангани билан яна бир бор чин юракдан самимий табриклайман”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.