Минскда Лукашенкога қарши намойишда 300 дан ортиқ одам ҳибсга олинди (фоторепортаж)
Олам
−
06 Декабрь 2020
5170Бугун, 6 декабрь куни Беларусь пойтахти Минскда Ҳукумат ва Президент Александр Лукашенко бошқарувига қарши навбатдаги намойиш бўлиб ўтди.
Намойишларда 300 дан ортиқ одам рухсатсиз митинг ўтказгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Минск шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси қонунийлик ва тартибни муҳофаза қилиш ва жамоат хавфсизлиги бўлими бошлиғи Александр Купченя маълум қилди.
“Минск ҳудудида оммавий тартибсизликлар тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун 300 дан ортиқ фуқаро қўлга олинди. Уларга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 23.34 моддаси билан маъмурий иш очилди”, деган Купченя.
Маълумот ўрнида, Беларусда жорий йилнинг 9 август куни мамлакат президентлиги учун сайловлар ўтказилганди. Расмий натижага кўра, сайловда Александр Лукашенко 81 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Аммо беларуслар бу натижани қабул қилишни хоҳламай, намойишга чиқди. Сайловдан кейин бир ой давомида ҳар куни тинч норозилик намойиши уюштирилди. Аммо Ҳукумат полиция ва ОМОН гуруҳини ишга солиб, митингларни тарқатишга уринди. Юзлаб одамлар қўлга олинди.
Октябрь ойидан бошлаб ҳафтанинг охирида намойиш уюштириладиган бўлди ва бу ҳозиргача давом этяпти.
Сайловда Лукашенкога рақиблик қилган мухолифат етакчиси Светлана Тихановская Беларусни тарк этиб, Литвадан паноҳ топди. У ҳамон аҳолини Лукашенкога қарши намойишлар уюштиришга чақириб келяпти.
LiveБарчаси