Милорад Додикнинг президентлик мандати бекор қилинди

Олам

image

Босния ва Герцеговина Марказий сайлов комиссияси Серб Республикаси президенти Милорад Додикнинг мандати бекор қилди. Бу ҳақда “Dnevni Avaz” хабар берди.

Қайд этилишича, комиссия бу қарорни суд ҳукми ва сайловлар тўғрисидаги қонун асосида қабул қилган. Қарор комиссия аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланган. Энди апелляция бериш учун охирги муддат белгиланади. Қарор кучга кирганидан кейин 90 кун ичида муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши лозим.

Маълум учун, жорий йилнинг февраль ойи охирида суд Додикни Босния ва Герцеговина бўйича Олий вакилнинг қарорини бажармаганликда айбдор деб топиб, уни бир йилга озодликдан маҳрум этган ва олти йил давомида давлат лавозимларини эгаллашни тақиқлаган. Олий вакил – Босния урушини тугатган Дайтон келишувларининг ижросини назорат қилувчи халқаро вакил ҳисобланади.

Мазкур иш бўйича иккинчи айбланувчи – Серб Республикасининг “Расмий ахборотнома” нашри раҳбари Милош Лукич айбсиз деб топилиб, жавобгарликдан озод этилган.

Прокуратура хулосасига кўра, Додик ва Лукич халқаро вакилнинг тақиқига қарамай, фаолиятини давом эттирган. Суд ҳукми эълон қилинганидан икки кун ўтиб, прокуратура нафақат Додикни, балки Серб Республикаси ҳукумати раҳбари Радован Вискович ва Миллий мажлис раиси Ненад Стевандични ҳам ҳибсга олишни талаб қилган.

Додик эса унга қўйилган айбловларни ноқонуний деб атаб, Серб Республикаси ҳудудини тарк этмаслигини билдирган. Уни бир неча бор ҳибсга олишга уринишлар бўлган.

Суднинг юқори инстанцияси Додикга чиқарилган ҳукмни тасдиқлади. Шунга қарамай, Додик истеъфога чиқмаслигини ва янги сайлов ўтказилишига қарши чора кўришини ваъда қилди.

Додик 2010 йилдан бери Серб Республикаси президенти лавозимини уч марта эгаллаган, 2018-2022 йиллар оралиғида эса Босния ва Герцеговина Президиумининг аъзоси бўлган. Босния ва Герцеговина Президиуми – бошқарувнинг коллегиал органи бўлиб, у босниялик, хорват ва серб вакилларидан иборат уч кишидан ташкил топган.

Маълумот ўрнида, Серб Республикаси – Босния ва Гертсеговина таркибидаги маъмурий-ҳудудий бирлик. 1992 йилда мустақил давлат сифатида эълон қилинган, аммо 1995-йилги Дайтон тинчлик келишувлари натижасида Босния ва Гертсеговина таркибий қисми сифатида тан олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Босния ва Герцеговина Милорад Додик Серб Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг