Миллий санъатни елкасида кўтариб юрганларга сўнгги даражадаги эътибор бўлган – Озодбек Назарбеков
Маданият-санъат
−
01 Март 2021
9323Бугун, 1 март куни Ўзбекистон миллий мақом санъати меросини оммалаштиришга қаратилган “New Vision” янги форматдаги мусиқий альбом тақдимоти ўтказилди. Мусиқий альбом “BWG Production” компанияси Маданият вазирлиги ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти билан ҳамкорликдатайёрланган.
Мазкур “New Vision” мусиқий альбоми Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли ижодкорлари, жумладан, бадиий раҳбар Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов бошчилигида тайёрланган мақом ва ўзбек анъанавий мусиқа хазиналари тўпламининг жамланмаси ҳисобланади.
Мусиқий альбом тақидимотида Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва санъат вакиллари иштирок этди. Тадбирда Озодбек Назарбеков нутқ сўзлади.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан миллий санъат мақом ва бахшичилик санъатини дунёга танитиш масаласида жуда катта имкониятлар берилиб, катта тадбирлар ва ишлар амалга ошириляпти.
Мақом санъатини қайта тирилтиряпмиз, десак тўғри бўлади. Кўпчилик гувоҳи бўлган миллий санъатни елкасида кўтариб юрган одамлар, баъзи давраларда уялиб, қимтиниб бир чеккаларда ёки сўнгги даражадаги эътибор бўлган ҳолатларни ҳам бошимиздан ўтказдик. Мен ишониб айта оламан, сўнгги 3-4 йил ичида қайси даврада бўлишидан қатъий назар мақомчиман деб фахрланиб гапиришга жазм қилоляпмиз”, дейди вазир бўлаётган ишлар ҳақида гапириб.
У мақом санъатини том маънода тутиб турган санъат аҳлини алоҳида эътироф этиб, уларга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, эндиликда мақом санъатига бағишланган тадбирлар алоҳида тайёргарлик билан ўтаётганини қайд этди.
“Шу юкни елкасида кўтараётганлар бугун фахрланяпти. 5-7 йил олдин номига шу ҳам тадбирда, бўлиши керак, деган муносабатда юрган бўлса, бугун энг олдида миллий оҳангларимизни ижро этяпти. Кундан-кунга мақом санъати ҳаётимизга қоришиб боряпти. Ўтган даврларда буни юки оғир бўлиб эътибор бўлмаган вақтларда санъатни юрагида сақлаб бугунгача олиб келган устозларга шахсан миннаддорлик билдираман. Оғир даврларда ҳам кафтда чўғ тутгандек санъатни махкам ушлаб шу ергача етказиб олиб келди улар, минг раҳмат.
Зўр ижодкор бўлиш мумкин лекин халқ танимайди. Кечирасиз лекин уларни камчилиги ўзини қандай тақдим этишни билмаслигида. Юқори даражадаги санъати бўла туриб қайси даврада қўшиқ айтишни билмайди ёки қайси даврда қандай кўринишда бўлиши, қайси даврага қандай репертуар ёки кийимда кириш кераклигини ҳам билишмайди”, дейди Озодбек Назарбеков.
У сўзида давом этиб, бу каби ишлар билан алоҳида “BWG Production”дек компаниялар шуғуллашини қўшимча қилди.
“Бизда шу сабабли ҳам зўр истеъдод ижод бўла туриб уни халққа тақдим этиш шаклини тополмаганимиз учун меҳнатларимиз самарасиз бўлди. Бугун “BWG Production” компанияси каби ҳамкорларимиз борлигидан хурсандман.
Миллий санъатимизни ва мақомни бугунги замон талаби ва даражасида халққа ва бутун дунёга тақдим қилиш борасида яқиндан кўмакчи бўлишмоқда. Ҳар қандай истеъдод бўлиши мумкин уни “подачаси” яъни тақдим этилиши турлича бўлиши мумкин.
Ҳар бир ишни ўз усталари қилгани маъқул миллий мақом санʼатини ҳам юксалтириш танитиш йўлида “BWG Production” компанияси вакиллари билан бирга иш бошладик.
Ҳозир интернетдан қидирадиган бўлсак бирорта миллий қўшиқ ёки мақомларни караоке шакли йўқ. Истасак ҳам тополмаймиз. Ўйлайманки биз бошлаган иш ҳам, тақдим этишнинг ўзгача услуби бўлади”, дея сўзини тамомлади вазир Назарбеков.
Маълумот учун, альбомда 15 та трек ўрин олган. Треклар Европа стандартларига мувофиқ ёзилган бўлиб овознинг алоҳида тозалигини таъминлашга қаратилган.
Мусиқий альбомда бир қатор халқимиз учун севимли бўлган мақом хонандалари жумладан, Муножат Йўлчиева, Нодира Пирматова, Хасан Ражабий, Фурқат Ашуралиев, Элмурод Аҳмедов, Сардорбек Ғофуров, Мўминжон Садриддинов, Камолиддин Алимахсумов ва бошқалар томонидан ижро этилган классик асарлар ўрин олган. Лойиҳа овоз продюсери Камран Тўйчиев, ижрочи продюсери Руслан Салиев.