Миллий кутубхона ортидаги яшил ҳудудда автотураргоҳ қурилади

Жамият

image

Тошкент шаҳридаги Миллий кутубхона ортида автотураргоҳ қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокими томонидан жорий йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган “Тошкент шаҳрида соддалаштирилган тартибдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз боради.

Унга кўра, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар ҳудудда тартибли автотураргоҳ ташкил этиш ҳамда жамоат маконини ободонлаштириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказига кўра, давлат-хусусий шерикликнинг мажбурий шартларидан бири ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган майдонларни сақлаб қолиш.

“Автотураргоҳ мавжуд ландшафтга уйғун тарзда жойлаштирилади. Бунда ҳудуд ичидаги ва унинг периметри бўйлаб жойлашган дарахтлар сақлаб қолинади. Автотураргоҳ ташкил этиш учун дарахтларни кесиш кўзда тутилмаган. Аксинча, лойиҳа доирасида ҳудудни қўшимча кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишлари ҳам назарда тутилмаган”, дейилади расмий муносабатда.

Билдирилишича, автотураргоҳ жойларидан ташқари, техник шартларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш ҳудудлари, қўшимча кўкаламзорлаштириш, болалар ва воркаут майдончалари, енгил конструксиялардан иборат спорт объектлари, санитария хоналари, видеокузатув тизими, бўш автотураргоҳ жойлари ҳақида маълумот берувчи электрон таблолар ҳамда замонавий тўлов тизимини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ер участкасини электрон аукционга чиқариш режалаштирилмоқда. Объектдан 10 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритадиган хусусий шерик белгиланган инвестиция мажбуриятларини бажариши, шунингдек, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши лозим бўлади. Давлат-хусусий шериклик шартларига мувофиқ, автотураргоҳ хизматидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади.

“Лойиҳанинг мақсади шаҳар марказидаги автомобиллар сонини кўпайтириш эмас, балки мавжуд транспорт оқимини тартибга солиш ва жамоат ҳудудларини тартибсиз автотураргоҳлардан холи қилишдир. Шу билан бирга, ҳудуд ўзининг жамоат учун мўлжалланган функциясини сақлаб қолади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситаларининг ҳудудга кириши бепул бўлади”, дейилади Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази муносабатида.

Шартнома шартларига кўра, шаҳар ҳокимияти талаби билан автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун тақдим этилиши лозим. Ҳудуддан бундай мақсадларда фойдаланишнинг умумий муддати йилига 60 кунгача бўлиши мумкин.

“Лойиҳани амалга оширишда шаҳарнинг принципиал позицияси — Тошкент марказининг ушбу қисмидаги мавжуд транспорт юкламасини тартибга солиш билан бирга, яшил ҳудудлар ва пиёдалар маконини тўлиқ сақлаб қолишдир. Автотураргоҳ инфратузилмаси мавжуд ландшафтга уйғун тарзда – пиёдалар, яшил ҳудудлар ва ушбу майдоннинг жамоат функциясига зарар етказмаган ҳолда ташкил этилиши лозим”, дейилади расмий идора хабарида.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг