Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатлари қайта тизимлаштирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари 12 тадан 11 тага тизимлаштирилади. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фуқаролар билан мулоқот қилиш тартиби аниқ белгиланиб, улар фуқарога мурожаат қилганда ўзини таништириши шарт бўлади. Бу ҳақда Сенатнинг 19-ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда сўз боради.

Қонун лойиҳасини тақдим этган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг айтишича, ўзгартишлар Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатларини амалдаги функцияларга мослаштириш, такрорланувчи нормаларни бартараф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.

Унинг таъкидлашича, Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари 12 тадан 11 тага тизимлаштирилмоқда. Бунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш ҳамда давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш билан боғлиқ вазифалар қайта тартибга солинади.

Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликлар ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш бўйича янги вазифа белгиланмоқда. Бу тадбирлар қонунчиликда белгиланган тартибда Миллий гвардия томонидан мустақил равишда ёки ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш тартибига тааллуқли.

Амалдаги қонунчиликда ходим фуқарога мурожаат қилганда ёки фуқаро унга мурожаат қилганда ўзини таништириш тартиби аниқ белгиланмаган. Янги ўзгартишларга кўра, ҳарбий хизматчи фуқарога мурожаат қилганда ўз лавозими, унвони, фамилияси, исми ва отасининг исмини айтиши, мурожаат қилиш сабаби ва мақсадини тушунтириши шарт бўлади. Фуқаронинг талабига кўра эса хизмат гувоҳномасини кўрсатиши керак.

Агар фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилса, ҳарбий хизматчи бундай чораларнинг сабаби ва асосларини, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши лозим.

Фуқаро Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига мурожаат қилганида ҳам ходим ўзини таништириб, мурожаатни диққат билан эшитиши, ўз ваколати доирасида тегишли чора кўриши ёки масалани ҳал қилиш қайси орган ваколатига киришини тушунтириши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашда махсус воситаларнинг замонавий турларидан фойдаланиш бўйича Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари аниқлаштирилмоқда. Шу билан бирга, унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлмаган айрим ҳуқуқлар чиқариб ташланади.

Қутбиддин Бурхоновнинг айтишича, қонун лойиҳаси қўмита ҳузуридаги ишчи гуруҳ аъзолари, мутахассис ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинган.

Мазкур ўзгартишлар Миллий гвардия фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролар билан муносабатларда очиқлик ва қонунийликни таъминлашга қаратилган.

Сенаторлар қонунни маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг