Қассобга суиқасд ва тан олинмайдиган “ТошМИ” филиали дипломи – Midweek

Таҳлил

24 июль Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев таваллуд топган кун. Ўзбекистон етакчиси бу йил 68 ёшни қаршилади. Дунёнинг ҳар бир бурчагидан табриклар келмоқда. Путиндан тортиб Си Цзиньпингача, Лукашенкодан тортиб Абдулфаттоҳ ас-Сисигача, Эрдўғандан Алиевгача, собиқ президентлар – Гурбангули ва Нурсултон Назарбоев, Марказий Осиёнинг амалдаги барча Президентлари Тўқаев, Жапаров, Сердар Бердимуҳаммедов ва Имомали Раҳмон, ҳамма ҳаммаси Шавкат Мирзиёевни таваллуд айёми билан қутлади. Кун давомида табриклар оқими тўхтамаяпти.

Бизда эса ҳафтанинг ярми ортда қолди ва ҳар доимгидек ҳафтанинг дастлабки ярми мобайнида дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.

Нетаньяху заҳарланди 

Ҳокимиятини ва сиёсий умрини Ғазодаги юз минглаб бегуноҳлар, болалар ва аёллар қони билан озуқлантириб келадиган Нетаньяхунинг боши касалдан чиқмаслиги кўпчиликка маълум. У яқинда, аниқроғи 20 июлда ҳам “яроқсиз ёки бузилган” озиқ-овқатдан заҳарланди ва ичак яллиғланиши билан оғриди. Маълум қилинишича, 20 июлга ўтар кечаси Нетаньяху ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. У сувсизланиш сабабли томир орқали даволаниши эълон қилинди ва бир неча кун давомида ўзининг қонли сиёсатини уйидан туриб давом эттириши маълум бўлди. 

Юқорида қайд этилганидек, Ғазо қассоби доимий равишда у ёки бу касаллик билан курашиб келади. 2023 йилда унинг устида юрак стимулятори имплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган. 2024 йилнинг охирида ҳам Биньямин Нетаньяху простата безини олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиётидан ўтган эди. Ундан олдин эса Биньямин Нетаньяху мунтазам текширув вақтида аниқланган умуртқа чурраси бўйича операция қилиниши сабабли вақтинча лавозимини ҳам тарк этишга мажбур бўлган.

Бу галги касаллик эса уни судда кўрсатма беришдан қутқариб қолди. 20 июль куни Нетаньяху овқатдан заҳарлангани сабабли унинг адвокати Амит Ҳадад тингловни кейинга қолдиришни илтимос қилган. Қуддус округ суди эса Исроил Бош вазирининг кўрсатма беришини яна бир бор кечиктирди. Бош прокуратура ҳам бунга рози бўлган. Аммо июль ойи охирида Исроил судлари ёзги таътилга чиқади ва эндиликда Нетаньяху маҳкамасини сентябрга қолдиришдан бошқа илож йўқ. 

Маълумот учун, 2019 йилнинг 21 ноябрида Исроил Бош прокурори Нетаньяхуни учта иш бўйича порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айблаш тўғрисида қарор қабул қилганини эълон қилди. Бош вазир ўзига қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган. Айблов хулосалари 2020 йил 28 январь куни Қуддус туман судига топширилганди.

Жорий ҳафтада эса унинг атрофида суиқасд билан боғлиқ хабарлар тарқалди. “The Jerusalem Post” хабарига кўра, исроиллик бир кекса аёл Нетаньяхуга суиқасд уюштиришда гумонланиб, Шин Бет хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинди. Нашрга кўра, аёл террорчилик ҳаракатини амалга оширишга тил бириктиришда айбланмоқда.
Гумонланувчининг ёши 70 да экани, бу аёл ҳукуматга қарши намойишчи бўлиб, у оиласи билан суҳбатда “Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни ўлдириш ниятини билдиргани” ва унга граната билан ҳужум қилишни режалаштиргани учун ҳибсга олингани айтилмоқда. Бошқа нашрларнинг ёзишича, аёл норозилик ҳаракатининг бошқа фаолларига мурожаат қилиб, қурол олишга уринган, шунингдек, Нетаньяхунинг хавфсизлиги қандай ташкил этилганини билиб олган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига унинг нияти ҳақида маълумот келиб тушганидан сўнг, гумонланувчи Шин Бет томонидан қўлга олинган. Аёл сўроқ қилиш учун Оғир ва халқаро жиноятларни тергов қилиш миллий бошқармасига олиб кетилган. Якунда эса у айбини қисман тан олган. Кекса аёлнинг ёши, соғлиғи ва шароитларини инобатга олган ҳолда, ўша куннинг ўзидаёқ чекланган шартлар остида қўйиб юборилган. Профилактика чораси сифатида гумонланувчига Бош вазир ва давлат муассасаларига яқинлашиш тақиқланган.

Геноциднинг энг жирканч кўриниши

Гаъзодаги геноцид ўзининг энг чиркин нуқтасига етди. Илгари тураржой бинолари, шифохоналар, қочқинлар лагерлари, мактаблар ва бошқа тинч фуқаролик объектларини йўқ қилиш орқали юз минглаб аҳолини қириб ташлаган Исроил, эндиликда ёрдам олиш учун гуманитар юк олдида тўпланган оч-наҳор инсонларни ўққа тутмоқда. Қисқа вақт ичида бир бурда нон олиш илинжида юк машиналарига тирмашаётган ғазолик қурбонлар сони мингдан ошди. Исроил март ойи бошидан Ғазога ёрдам етказиб берадиган барча йўлларини тўсган эди, май ойидан бошлаб эса базъи чекловлар билан бу коридорлар қайта очилди. Яҳудий давлати шундан буён Ғазога етарлича озиқ-овқат киритилаётганини муттаҳамларча даъво қилади, аммо тармоқларда мавжуд видеодалиллар ва қоқ суякка айланиб, хорликдан вафот этаётган мурғак болаларнинг тасвирлари ва расмий статистикалар бунинг ғирт тескарисини кўрсатади. Газо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, охирги соатларда ўн нафар фаластинлик бир кеча-кундузда очликдан ҳалок бўлди. Шу билан сўнгги бир неч кун ичида очликдан нобуд бўлганлар сони 111 нафарга етди. 
 
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 23 июль кунги маълумотига кўра, жорий йил бошидан бери беш ёшгача бўлган 21 нафар бола очликдан нобуд бўлган. Мартдан майгача бўлган 80 кунлик дўзах шароитида уларга умуман озиқ-овқат етказилмаган. Ҳозирги кунда ҳам ғазоликларнинг қўлига етиб бораётган ёрдам миқдори етарли даражада эмас ва яшаб қолиш учун камлик қилади. Гап бир қултум сув, бир бурда нон каби бирламчи озуқалар ҳақида кетмоқда. Бугун ғазоликлар фақат яшаб қолиш илинжида нафас олмоқда. 23 июль куни 111 та ташкилот, жумладан Mercy Corps, Норвегия Қочқинлар Кенгаши ва Refugee International қўшма баёнот бериб, Ғазода оммавий очлик авж олаётгани, бироқ тонналаб озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва дори воситалари сектор ташқарисида тургани, ёрдам ташкилотлари уларни етказиб бера олмаётганини билдирди.

Аммо Исроилдаги режим бу ишларда БМТни айбламоқда ва ташкилот ўз вақтида ҳаракат қилмаяпти, дея даъво қилмоқда. Исроил ҳукумати матбуот котиби Дэвид Мерсер 23 июль куни Ғазо ичида 700 та ёрдам юк машиналари тургани, уларни тарқатиш кераклиги ва бунда Исроилнинг айби йўқлигини такидлади. БМТ ва Ғазога ёрдам етказишга уринаётган ташкилотлар эса Исроилни бу жараённи бўғиб қўйганликда айбламоқда. Чунки май ойидан бери ёрдам олиш нуқталарида юзлаб фаластинликлар Исроил аскарлари томонидан ўлдирилди. Буни бутун дунё кўриб, билиб турибди.

Аш-Шара Эрдўғанга юзланди

Ғазодаги қатлиом ҳақида гапирар эканмиз, ўша атрофда Нетаньяху режими томонидан жиддий хавф солинаётган ва ўққа тутилаётган яна бир субъект – Сурияда ҳам вазият ўтган ҳафта давомида издан чиқишига бир баҳя қолганини эслаб ўтиш жоиз. Исроил Сурия жанубига, пойтахт Дамашққа ва бошқа нуқталарга зарба бериб, Аш-Шара ҳокимиятини издан чиқаришга уринди. Сувайдадаги друзлар “ҳимоя”си учун ўртага чиққанини баҳона қилиб, берилган зарбалар жорий йил ҳисобига Сурияга қарши амалга оширилиган иккинчи тажовуз бўлди. 

Бироқ Аҳмад аш-Шара ҳали ҳам ўз ўрнида ва у ҳокимиятига ҳамда Сурия тинчлигига қилинган таҳдидни учинчи бор енгиб ўтди. Албатта, Туркия махфий хизматлари Аш-Шарага бундай тажовузлардан ҳимояланиш ва ҳатто унга қилинган суиқасдлар юзасидан ҳам амалий ёрдам бераётгани ҳақида гап-сўзлар етарли эди, аммо ҳали Дамашқ Анқарадан расмий тарзда кўмак сўраганига кўзимиз тушмаганди. 

Сўнгги тажовузлар ва ички муаммолардан кейингина Аш-Шара маъмурияти Туркиядан ёрдам сўраган бўлиш эҳтимоли катта. Хусусан, TRT Haber телеканали мамлакат мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб, суриялик расмийлар Туркиядан ўз мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва террорчиликка қарши курашиш бўйича расмий ёрдам сўрагани ҳақида хабар берди. Маълум қилинишича, бу ёрдам, асосан, мудофаа имкониятларини мустаҳкамлаш ва ИШИД бошчилигидаги террорчи гуруҳларга қарши курашиш бўйича тақдим қилиниши сўралган. Туркия Мудофаа вазирлиги эса Сурияга ёрдам бериши ва мамлакатни доимгидек қўллаб-қувватлашини билдиргани айтилмоқда. ОАВ эса ҳозирча Сурияга қандай услубда ёрдам кўрсатилиши, мамлакат ҳудудига қўшин киритиш имконияти ҳақида аниқ маълумот бермаяпти. Аммо Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз нутқларида Суриядаги янги ҳокимиятга мамлакатни тиклаш йўлида қўлидан келган ёрдамни беришини таъкидлаб келади. Бундан ташқари, Аш-Шара ҳокимиятни эгаллаганидан кўп ўтмай, Туркия Сурияга янги армия қуришда ёрдам бериши ва унинг мудофаа салоҳиятини 300 мингдан ортиқ аскарга эга қўшин билан таъминлаши ҳақида хабарлар ҳам тарқалганди. 

Ҳиндистон Ўзбекистондаги тиббий таълимга беписанд

Тошкентдаги жамоат транспортларидан, кўча-кўйда ҳинд йигит-қизларига тез-тез кўзингиз тушган. Уларнинг аксарият қисми яқин-яқингача Тошкент тиббиёт академияси, ҳозир эса Тошкент тиббиёт университети деб номланадиган Ўзбекистондаги энг асосий олий тиббий таълим даргоҳида таҳсил олиш учун келган. Аммо тиббиёт соҳасида дунёнинг энг кучлилалари сирасига кирадиган Ҳиндистон ёшлари нега олий таълим олиш учун Ўзбекистонни танлашади? Шу университетдаги маҳаллий талабаларнинг бизга маълум қилишича, одатда ҳинд ёшларининг бу ерни танлашига асосий сабаб контракт нархларининг пастлигидир. Таълим сифати ёки бошқа қулайликлар ҳақида гап кетмаяпти. Чунки хориждан келган талабаларга Тошкент тиббиёт университетида қандай дарс ўтилиши ҳақида бундан бир неча ой олдин Reddit платформасида ёзилган бир постдан сўнг кўпчилик тасаввур ҳосил қилиб бўлган.

Эсингизда бўлса, бир неча ой олдин Reddit'да ўзини Тошкент тиббиёт академиясидаги ҳинд талабаси деб таништирган фойдаланувчи у ердаги таълим сифати ва аҳволи ҳақида узундан узоқ пост ёзиб қолдирганди. Талаба олийгоҳнинг ўқитувчилари инглиз тилида деярли гаплашмаслиги, уларнинг нима деяётганига тушунмаслигини айтиб, педагоглар Google-таржимон сингари хато гапиришини такидлаган. У профессорлар агар шундай бўладиган бўлса, тиббиётни қандай ўрганиш мумкин, дея таажжубланган. Шунингдек, дарсларнинг деярли катта қисми инглиз тили дарсига айланиб, уларга тиббиёт эмас, инглиз тили грамматикаси ўргатилишини ҳам танқид қилган. У “мен бу ерга алифбо ва грамматикани ўрганиш учун келганим йўқ, анатомия учун келганман. инглиз тили 4 соат, анатомия эса бор-йўғи 1 соат 20 дақиқа. Улар ҳеч нарса ўргатмайди”, дея ёзғирганди. Мазкур пост ҳақида дастлаб ҳинд нашрлари, сўнг Ўзбекистондаги маҳаллий ОАВ ҳам хабар топди. Ўша пост каттагина резонансларга сабаб бўлди. Ҳатто бу хабарлардан кўп ўтмай, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов академияга бориб, шарт-шароитлар билан танишди, шу жумладан ҳинд талабалари билан учрашганди. Ташриф бўйича берилган муносабатда ҳаммаси яхшилиги, ҳинд талабалари яратилган шароитлардан мамнун экани даво қилинганди. 

Бироқ орадан 3 ой ўтиб, Ҳиндистондаги тиббиёт расмийлари Ўзбекистондаги тиббий таълимдан қониқмаётгани аён бўлди. Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси тиббиёт соҳасида ўқишни истаган абитуриентларга Марказий Америкадаги учта ва Ўзбекистондаги битта тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирмаслик бўйича қатъий огоҳлантириш берди. Улар Белиздаги 3 та университет ва Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиалидир. Баёнотда айтилишича, ушбу огоҳлантиришга амал қилмаган талабалар Ҳиндистонда тиббиёт амалиётини олиб боролмайди. Яъни Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиалида ўқиган ҳинд талабалари Ҳиндистонда шифокор сифатида тан олинмайди. Бу огоҳлантириш Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг Евросиё бўлими томонидан билдирилган жиддий хавотирлар ортидан берилган. Уларнинг маълумотига кўра, бу муассасалар Ҳиндистондаги тиббий таълим бўйича белгиланган стандартларга жавоб бермайди. Қайд этилишича, ўқиш тақиқланган университетларда зарур инфратузилма мавжуд эмас, таълим сифати паст, клиник-амалиёт етарли даражада ташкил этилмаган, айрим ҳолларда ҳиндистонлик талабалар тазйиққа учраган. Шу боис, Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси талабаларни бу муассасаларга ўқишга киришдан тийилишга чақирган, акс ҳолда улар барибир Ҳиндистонда шифокорлик қилишига рухсат беришмайди.

Катта учлик учрашуви яқинми?

Британиянинг “The Times” газетаси АҚШ Президенти Дональд Трамп сентябрь ойи бошида Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Пекинга таклиф қилиниши мумкинлигини хабар қилганди. Шундан сўнг катта учликнинг учрашув эҳтимоли ҳақидаги хабарлар диққат марказидан ўрин олди. Ҳатто расмий доиралар ҳам бу эҳтимолий учрашувни инкор қилгани йўқ. Хусусан, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Трамп кузда Америка компаниялари раҳбарлари билан Хитойга ташриф буюрса, у ерда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиши мумкинлигини айтди. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўзи эса яқин келажакда Хитойга ташриф буюриши мумкинлигини тан олди. 22 июль куни филиппинлик мавқедоши кичик Фердинанд Маркос билан Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпин томонидан Хитойга таклиф қилингани ва яқин келажакда икки ўртада учрашув бўлиб ўтишини маълум қилди. 

Унинг қўшимча қилишича, тез орада бу борада қарор қабул қилинади. Бундан ташқари, Трамп Путин билан Хитойга ташрифи чоғида учрашув ўтказиши мумкинлигини инкор этмади. Маълумот учун, 3 сентябрь куни Пекинда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги ва Хитой халқининг Япония агрессиясига қарши кураши шарафига ҳарбий парад бўлиб ўтади. Парадда Хитой ўз арсеналидаги ўзи ишлаб чиқарган ускуналарини намойиш этади. Катта учликнинг учрашуви айнан манашу тадбир доирасида бўлиши тахмин қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Сурия Туркия Ўзбекистон Владимир Путин Дональд Трамп Хитой Ҳиндистон Ражаб Тойиб Эрдўған Си Цзиньпин тиббиёт Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг