Путин ва Си Цзиньпин Пекинда чойхўрлик қилди (видео)

Олам

image

Бугун, 20 май куни Россия Президенти Владимир Путин ва ХХР Раиси Си Цзиньпин Халқ йиғинлари залида чой устида суҳбатлашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, маросимда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин ҳамда Россия Федерациясининг ХХРдаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Игорь Моргулов иштирок этган.

“Ташрифингиз натижалари жуда салмоқлидир. Уни аллақачон ўта сермаҳсул ва муваффақиятли ўтган ташриф деб ҳисоблаш мумкин. Ташриф давомида биз сиз билан кўплаб қўшма ҳужжатлар, якуний ҳужжатларни имзоладик ва уларнинг имзоланишига гувоҳ бўлдик.

Энг муҳими, биз сиз билан мамлакатларимиз ўртасидаги турли асосий соҳалардаги ҳамкорликни акс эттирувчи қўшма баёнотни имзоладик. Шу боис сизни ташрифнинг муваффақиятли ўтгани билан табрикламоқчиман. Гарчи у бир кунлик ташриф бўлса-да, натижалари катта ва салмоқлидир. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ҳақиқий, тарихий аҳамиятини кўрсатиб турибди.

Ушбу чойхўрлик давомида биз яна ўзаро фикр алмашишимиз мумкин — марҳамат, мен мамнуният билан тайёрман”, дейди ХХР раиси Си Цзиньпин.

Путин ҳам Россия ва Хитой ўртасида “сермаҳсул” натижалар бўлганини қайд этган. 

“Таклифингиз учун ҳамда биргаликда олиб борган ишларимиз учун раҳмат — барча ташкилий ишлар Сизнинг ва маъмуриятингизнинг қўлида бўлди. Биз икки томонлама муносабатларда сўнгги йилларда амалга оширилган барча ишларни нафақат қайд этиб, мустаҳкамлаб қўйдик, балки истиқболдаги ривожланиш режаларини ҳам белгилаб олдик.

Бугун иш кўп бўлганини айтдингиз. Ҳақиқатан ҳам, ҳозир эслаб кўрсам, ҳар бир масала бўйича, ҳар бир қадамда аниқ иш олиб борилибди. Ушбу баҳога қўшиламан: бу муваффақиятли, сермаҳсул ва мазмунли иш бўлди. Назаримда, бугунги учрашувимизни ташкил этиш учун тинимсиз меҳнат қилган ҳар икки томон жамоаларига миннатдорчилик билдиришга асосларимиз бор”, дейди Россия етакчиси.

Ушбу учрашув Россия етакчисининг Пекиндаги ташриф дастурининг якуний тадбири бўлган.

Бундан бир неча соат аввал ҳам давлат раҳбарлари ўртасида чой устида суҳбат бўлиб ўтган. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, улар халқаро ҳамкорлик мавзуларини, шунингдек, Украина ва Эрондаги можароларни муҳокама қилган. Ушаковнинг қўшимча қилишича, Хитой томонини барча йўналишлар қизиқтиради, чунки Пекин “халқаро ишларда улкан роль ўйнайди”.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, чойхўрлик Путин ва Си Цзиньпин учрашувларининг мажбурий атрибути ҳисобланади. Улар бундан энг нозик масалаларни муҳокама қилиш учун фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, Путин Хитойга кеча, 19 май куни етиб келган эди. Бугун, 20 май куни Пекинда Путин ва Си Цзиньпин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув икки босқичда – аввал тор доирада, кейин эса кенгайтирилган таркибда ташкил этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Си Цзиньпин чойхўрлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг