Курс UZS

USD

12 938.11

18.11

EUR

14 076.66

-25.52

RUB

149.99

0.47

MIDWEEK: қуролланаётган Европа, “Савдо уруши”ичидаги иқтисодий гигантлар, ЕИ хушламаган Кобихидзенинг Тошкентга ташрифи

Таҳлил

Кўпчилик томонидан хавотир билдирилган ва Трамп ҳокимият тепасига келиши билан дарҳол бошланиши тахмин қилинган “савдо уруши” расман старт олди. Ҳозирча ушбу фронтда АҚШ, Мексика, Канада ва Хитой бор. Кейинги нишон Европа Иттифоқи бўлиши мумкин.

Европа Иттифоқи ўзини ва Украинани амалда ҳимоя қилишни бошлади. Иттифоқ расмийлари қайта қуролланишни жадаллаштириш ҳамда қитъа мудофаасини мустаҳкамлаш учун катта ҳажмдаги маблағ ажратишга қарор қилди. Агар рақамларга ишонилса, келгусида Европа Иттифоқининг ҳарбий бюджети дунё миқёсида АҚШдан кейинги энг улкани бўлади. 

Ўзбекистонда эса бу ҳафтанинг биринчи юқори лавозимлардаги катта ўзгаришлар ва Европа Иттифоқи билан бир йилдан буён “кураш” олиб бораётган Грузия Бош вазирининг ташрифи билан эсда қолди.

Ўтиб бораётган ҳафтанинг ўртасига қадар дунё ва Ўзбекистонда содир бўлган муҳим сиёсий воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастури.

Трамп “савдо уруши”ни бошлади

АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йил 1 февралда наркотрафик муаммосини пеш қилиб, Хитой учун 10 фоизлик божхона тарифлари жорий этиш бўйича фармон имзолаганди. Эсингизда бўлса, февраль ойи бошида АҚШ Президенти Мексика ва Канада келадиган товарларга ҳам янги тарифлар жорий этишни маълум қилганди. У ўзининг бу қарорига Қўшма Штатларга мазкур давлатлардан фентанил наркотик моддаси кириб келаётгани ва ноқонуний миграцияни олдини олмаётганини сабаб сифатида келтирганди.  Бироқ ўшанда Мексика ва Канада етакчилари америкаликлар билан музокаралардан сўнг АҚШ Президентининг мазкур фармонини 1 ой муддатга кечиктиришга эришганди. Бунинг эвазига Канада АҚШ билан чегарани мустаҳкамлаш учун 1,3 миллиард долларлик режани амалга оширишга ва наркотик моддалар савдосига қарши курашиш бўйича янги мажбуриятларни олишга ваъда берди. Мексика расмийлари эса ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашни кучайтириш учун АҚШ билан чегарада 10 минг мексикалик аскарни жойлаштиришга рози бўлганди. 

Аммо орадан бир ой ўтиб, 4 март куни ярим тундан бошлаб, АҚШнинг Мексика ва Канада учун жорий қилган янги тарифлари кучга кирди, Хитойники эса икки бараварга оширилди. Бу тарифлар Мексика ва Канада товарларига 25% ни, Хитой товарлари учун эса 20 фоизни ташкил қилади. АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойдан импорт қилинадиган товарларга божхона тарифларини 10 фоиздан 20 фоизга ошириш ҳақидаги фармонида Пекиннинг Қўшма Штатлардаги наркотрафик муаммосига қарши курашда етарли чора-тадбирлар кўрмагани кўрсатилган. 

“ХХР ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ инқирозни юмшатиш учун етарли чоралар кўрмаганини инобатга олиб, ижроия фармонининг 14195-сонли ҳужжатининг 2(а) бўлимига ўзгартириш киритилади. Унда “10 фоиз” сўзи олиб ташланиб, ўрнига “20 фоиз” сўзи қўшилади”, дейилади Оқ уй томонидан эълон қилинган фармонда.

Вашингтон Хитойни синтетик опиоидлар, жумладан, фентанилнинг АҚШга оқимини тўхтатиш бўйича етарли чоралар кўрмаганликда айбламоқда. АҚШ расмийлари бундай вазиятни мамлакат миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига “ғайриоддий ва фавқулодда таҳдид” деб баҳоламоқда. Эътиборлиси, Дональд Трамп кўпинча тарифлар жорий этиш таҳдидини савдо ҳамкорларига босим ўтказиш воситаси сифатида қўллаб келган. У бундай божхона тушумлари ички лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаб келади. 

Аммо Трампнинг бу ҳаракатига Хитой ва Канада зудлик билан жавоб қайтарди. Расмий Пекин АҚШ Президентининг бож тарифлари сиёсатига жавобан 10 март санасидан бошлаб Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча 10-15 фоиз бож жорий қилинишини маълум қилди. Хитой Савдо вазирлиги қўшимча 15 фоиз бож товуқ гўшти, буғдой, маккажўхори ва пахта маҳсулотларига татбиқ этилиши ҳақида хабар берди. Соя дуккаги, чўчқа ва мол гўшти, балиқ маҳсулотлари, мева, сабзавот ҳамда сут маҳсулотларига эса 10 фоизлик бож жорий қилинади. Шунингдек, Хитой “мамлакат хавфсизлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида” АҚШнинг 15 та компаниясини экспорт назорати рўйхатига киритди. Савдо вазирлиги маълумотига кўра, ушбу рўйхатга киритилган субъектлар Хитойнинг миллий хавфсизлиги ва манфаатларига таҳдид солмоқда. Шунинг учун ушбу компанияларга икки томонлама фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларнинг Хитой етказиб берувчилари томонидан сотилиши тақиқланади. Бундан ташқари, яна 10 та Америка компанияси “ишончсиз ташкилотлар” рўйхатига қўшилди. Хитой ҳукумати ушбу чекловларни “миллий суверенитет, хавфсизлик ва ривожланиш манфаатларини ҳимоя қилиш” мақсадида кенгайтирганини билдирган. Ушбу компанияларга Хитойда бизнес юритиш, янги инвестициялар киритиш тақиқланади.

Хитой билан бир қаторда Канаданинг ҳам жавоб “зарбаси” ўзини узоқ куттирмади. Канада АҚШнинг янги тарифларига импорт солиқлари билан жавоб берди. Канада Бош вазири Жастин Трюдо Трампнинг янги тариф сиёсати Канадага эрта тонгдан бошлаб таъсир қилгани ва бу ўз ўрнида Канаданинг жавобига сабаб бўлганини айтди. Унинг баёнотида айтилишича, АҚШнинг янги тарифлари учун “ҳеч қандай асос йўқ”, чунки АҚШ чегарасида ушланган фентанилнинг Канададан ўтган улуши ҳатто 1 фоиздан ҳам кам. Трюдо ўз баёнотида, унинг мамлакати Трампнинг янги тарифлари тўхтатилган бир ойлик даврда фентанил оқимини янада чеклаш бўйича чоралар кўрганини таъкидлади. Шунингдек, Трюдо Канаданинг жавоб чоралари ҳақида ҳам аниқ маълумот берди. Унга кўра, 155 миллиард Канада доллари миқдоридаги Америка товарларига 25 фоизлик бож қўйилади:

  • 30 миллиард Канада доллари миқдоридаги товарларга тариф дарҳол кучга киради
  • қолган 125 миллиард Канада долларилик Америка маҳсулотларига божлар 21 кундан кейин амал қилишни бошлайди.

Канада провинциялари раҳбарлари ҳам Трампнинг тинч жойда чиқарган “савдо урушига нисбатан ўзларининг жавобларини айтишди. Масалан, Онтарио бош вазири Даг Форд АҚШга электр энергиясини ва АҚШга юқори сифатли никель етказиб беришни тўхтатишни таклиф қилди. Форд Канаданинг бошқа провинцияларини ҳам унинг таклифига эргашишга чақирди. Маълумот ўрнида шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, Канада АҚШдаги олти миллион уйни таъминлаш учун етарли бўлган электр энергияси экспорт қилади.

“Агар улар Онтариони йўқ қилмоқчи бўлишса, мен ҳамма нарсани қиламан, шу жумладан юзимда табассум билан уларнинг энергиясини кесиб ташлайман”, деди Даг Форд.

Шу ўринда Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум ҳам Жастин Трюдонинг сўзларини такрорлаб, Трампнинг бу ҳаракати учун “ҳеч қандай мотив, сабаб ва асос йўқ” эканини айтди. 4 март куни сўзга чиқиб, у “тариф ва тарифсиз чоралар” қўллашга ваъда берди. Аммо Мексика Президенти бу борадаги қўшимча маълумотлар 9 март куни берилишини айтди.

Трампнинг ўзининг бу сиёсати билан АҚШдаги иш ўринлари ва ишлаб чиқаришни ҳимоя қилаётгани, ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддалар савдосининг олдини олишга ҳаракат қилаётганини тинмай такрорламоқда. Аммо соҳа экспертлари у бошлаган уруш томонларнинг ҳеч бирига фойда келтирмаслиги ва АҚШдаги истеъмолчилар учун нархларни кескин оширишини таъкидлаяпти.

Каттакон тайинловлар ва ўзгаришлар

Жорий ҳафта Ўзбекистоннинг юқори даражали постларида кўплаб ўзгаришлар содир бўлди. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилди, собиқ бизнес омбудсман Дилмурод Қосимов Бош прокурор ўринбосари этиб тайинлади.

Хуллас, бир бошдан. 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келаётган, бунгача Хоразм вилояти ҳокими, Бухоро вилояти прокурори, Жиззах вилояти прокурори, Бош прокуратуранинг Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти бошлиғи, Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган Пўлат Бобожоновнинг кетиши ҳафтанинг энг муҳим воқеликларидан бири бўлди. Унинг ўрнига бугунгача Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Азиз Тошпўлатов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ички ишлар вазири лавозимига маъқулланди. Бобожонов эса ишсиз қолгани йўқ. У Президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 

Бундан ташқари, ҳафтанинг биринчи қисмида Бош прокуратурага янги ўринбосар келди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан адлия катта маслаҳатчиси Дилмурод Султонмуродович Қосимов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Дилмурод Қосимов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил яъни Бизнес омбудсман эди. Бунгача у прокуратура органларида турли масъул лавозимларда ҳам фаолият юритган. Билдирилишича, мазкур лавозимга тайинланган Дилмурод Қосимов тадбиркорлар ва инвесторларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси учун масъул бўлади.

Тадбиркорлар ва уларнинг фаолиятига таъсир қилувчи лавозимлардан узоқлашмаймиз. 3 март куни Ўзбекистоннинг кўзга кўринган тадбиркорларидан бири Зафар Ҳошимов “Савдо ва сервис” уюшмаси раиси лавозимига тайинланди. Бу уюшма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда фаолият олиб борувчи тузилма ҳисобланади. Палата ахборотига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда эса тадбиркорлар томонидан “Савдо ва сервис” уюшмасини ташкил этиш таклифи билдирилиб, бу таклиф Президент томонидан маъқулланган. Уюшма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда фаолият юритиб, соҳадаги стратегик режаларни ишлаб чиқиш, қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши белгиланган.

Европани “хафа қилган” Кобахидзе Тошкентда

2024 йилда ички ва ташқи сиёсатдаги можаролардан боши чиқмаган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе 4-5 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф дастуридан икки томонлама учрашувлар, ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишини ўтказиш, саноат корхоналари фаолияти билан танишиш ва бошқалар ўрин олгани айтилди. Тошкент халқаро аэропортида меҳмонни Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Кобахидзе Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.  Шундан сўнг Кобахидзенинг кейинги манзили Сенат бўлди. Олий Мажлис Сенатида Танзила Норбоева ва Грузия Бош вазири раҳбарлигидаги делегация ўртасида учрашув ўтказилди. Ираклий Кобахидзе Грузия Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган. Шунингдек, мулоқотда туризм, иқтисодиёт, электроника, аграр ва транспорт коммуникацияси сингари устувор йўналишларда ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилган. Грузия парламенти раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида қатнашишга катта қизиқиш билдираётгани қайд этилган, келгусида ҳам халқаро майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини мустаҳкамлашга келишиб олинган.

Албатта, Грузия Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи оламшумул янгилик эмас. Аммо унинг ҳукумат тепасида сўнгги бир йил мобайнидаги фаолияти халқаро майдонда эътибор марказида бўлди. Умуман олганда Грузиянинг ўзидаги ички сиёсий жараёнлар бутун 2024 йил давомида Жаҳон ОАВнинг эътибор марказидан тушмади. Барчаси айнан шу Кобахидзе ва уни Бош вазир сифатида номзод қилиб кўрсатган “Грузия орзуси” партияси билан боғлиқ. Кўпчиликка маълум Грузияда Саакашвили қулаши арафасида ва ундан кейин парламентар тизим қарор топган. Ва бу тизимда Кремлга мойил дея гумон қилинадиган миллиардер Бидзина Иванишвилининг “Грузия орзуси” партияси узоқ йиллардан буён етакчиликни ҳеч кимга бермай келади. Бугун Иванишли раҳбарлик постида эмас, аммо партия ва ҳукуматни бошқариш учун бу муҳим аҳамият касб этмайди. Парданинг орт томонидан туриб ҳам буни амалга ошириш мумкин. Ўша парданинг олд томонида ишлайдиган Кобахидзе эса Грузия сиёсатида янги шахс эмас. Бироқ у Бош вазир сифатида ҳукуматни бошқараётганига энди бир йил тўлди. Мана шу бир йил эса Грузиянинг Европага интеграцияси тақдирини ҳал қилди. Узоқ йиллик процедурадан сўнг бу Грузия учун энди фақат орзулигича қолиш эҳтимоли юқори.

“Хорижий агентлар”га аталган “Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисидаги қонун” лойиҳасининг ўртага чиқишидан бошланган можаро 2024 йил охирига келиб, парламент ва президентлик сайловлари билан ўзининг энг зиддиятли чўққисига чиқди. Бу эса Европа билан муносабатларни совитди, Иттифоққа қўшилиш жараёни эса музлатилди. Чунки Брюссель Тбилисини россияпараст кайфиятда фаолият олиб боришдан тийилишга бир неча бор чақирилганига қарамай, “Грузия орзуси” партияси томонидан бу огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилди. Декабрь ойида ўтказилган президентлик сайловлари эса ҳаммасидан-да ажабланарли бўлди. 14 декабрда ўтказилган президентлик сайловида атиги бир нафар номзод қатнашиб, унда ғолиб бўлди. У ҳам бўлса, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан илгари сурилган номзод, собиқ футболчи, ўз сиёсий карьерасини 2016 йилда бошлаган Михаил Кавелашвили эди. Ўша пайт амалда президент бўлган мухолифат вакили Саломе Зурбашвили ушбу сайлов қонуний эмаслиги, мамлакатда янги парламент сайловлари белгиланмагунча истеъфога чиқмаслигини айтди. У шунингдек, президент қароргоҳини тарк этмаслигини маълум қилди. Бироқ 29 декабрь куни Зурабишвили ушбу қароргоҳни тарк этди. Бироқ у ўзи билан легитимликни ҳам олиб кетаётгани ва мамлакат президенти сифатида қолишини маълум қилди. 

Грузия парламентар тизимда бўлгани боис президент ваколати мамлакатда жуда чекланган ва Зурабишвили бундай ҳолатда ҳукмрон партияга қарши тура олмаслиги тайин эди. У Европа Иттифоқи билан яқинлашиш тарафдори эди. Грузиядаги бугунги “Грузия орзуси” партияси ҳам буни хоҳлайди. Масалан, Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлган ўша Кобахидзе ҳам буни инкор қилмайди. У Иттифоқ билан чуқур зиддиятлар даврида ҳам яқин йилларда унга интеграция бўлишдан умид узмай келади. Бироқ мамлакатда сўнгги пайтларда юз берган ички муаммолар ҳозирча бу умидни пучга чиқармоқда.

Европа ўзи ва Украинани ҳимоя қилишни бошлади

2 март куни Европа етакчилари Оқ уйдаги жанжалнинг оқибатларини юмшатиш учун Лондонда йиғилди. Йиғилганлар томонидан турли масалалар муҳокама қилинди. Ўша куни кимдир Зеленскийга Трамп билан келишиш йўлини топишни маслаҳат берган бўлса, яна кимдир Европа ўзини ўзи мудофаа қилиши энди ҳаётий зарурат эканига ишора қилди. Шу куни Украина Президенти Владимир Зеленский саммитдан сўнг журналистлар билан суҳбатда Украина босқин остидаги ерларини ҳеч қачон Россияники деб тан олмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Зеленский дунё лидерларига сулҳнинг энг асосий шартини яна бир бор эслатди. У Украина ишончли хавфсизлик кафолатлари билан таъминланган тақдирдагина сулҳни қабул қилишини таъкидлади. Зеленский мазкур шартни қайта-қайта такрорлашдан чарчамаяпти. Чунки унинг қўлишимча қилишича, бундай кафолат Украина келгусида яна Россия босқинига учрамаслигини мустаҳкам кафолатлайди. Чунки бундай ҳимоя Москва қаттиқ жавоб чоралари кўрилишини англаган ҳолда, келажакда Украина ерларига бостириб киришдан тийилади. 

Аммо АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс хавфсизлик кафолатлари борасида экспертлар фикрини тасдиқлади. Унга айтишича, Вашингтоннинг Украина келажагидан иқтисодий манфаатдорлиги Украина учун хавфсизликнинг энг яхши кафолати бўлади. Унинг сўзларига кўра, бундай хавфсизлик кафолати “30 ёки 40 йилдан бери жанг қилмаган қандайдир тасодифий мамлакатдан келган 20 000 аскардан” анча яхши.
Аммо Зеленский иқтисодий манфаатлар Россия агрессиясини қайтариш учун етарлича мотив бўлишига ишонмаяпти.

Шу боис Франция ва Британия Россия ва Украина ўртасида бир ойлик қисман сулҳ ва кейинчалик тинчликпарвар кучларни мамлакат ҳудудига жойлаштиришни таклиф қилмоқда. Бироқ Макроннинг таъкидлашича, “ўт очиш тўхтатилган тақдирда “бу фронтда кузатилаётганлигини текшириш жуда қийин”. Негаки, Франция Президентига кўра, фронт чизиғининг узунлиги Париждан Будапештгача бўлган масофага тенг. Аммо шундай бўлса-да, тинчликка эришиш учун энг аввало оташкесим зарур. Шундай экан, Франция ва Британия мазкур режани илгари суряпти ва унга кўра, агарда воқеалар ривожи кўнгилдагидек кетса, сулҳ вақтинча эмас, балки доимийга айланса, Европа қуруқлик қўшинлари Украинага тинчлик режасининг иккинчи босқичида киритилиши айтилмоқда.

Британия Бош вазири Кир Стармер эса Лондондаги саммитдан сўнг Европа етакчилари тўртта асосий масала юзасидан келишиб олганини айтди. Булар; Украинага ҳарбий ёрдам беришни давом эттириш, Россияга иқтисодий босимни кучайтириш, Украина суверенитети ва хавфсизлигини таъминлаш, Киевнинг ҳар қандай тинчлик музокараларида иштирок этиши кераклиги каби масалалардир. Агар тинчлик келишувига эришилса, Европалик етакчилар келажакда Москва томонидан бостириб киришининг олдини олиш учун Украина мудофаа қобилиятини кучайтиришга ваъда беришди. Бундан ташқари, Украина ва тинчлик кафолатлари бўйича келишувга эришишга тайёр давлатлар коалициясини тузишга қарор қилинди.

Орадан икки кун ўтиб, 4 март санасида Брюсселда Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен томонидан энг муҳим қадамлардан бири ташланди. У янги Rearm Europe мудофаа режасини тақдим қилиб, бу режани Европа Иттифоқи ўз мудофааси ва хавфсизлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга ва Украинага ёрдамни оширишга тайёрлигининг исботи деди.

“Биз қайта қуролланиш даврида яшаяпмиз. Ва Европа ўзининг мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишга тайёр – шошилинч ҳаракат қилиш ва Украинани қўллаб-қувватлаш зарурлигига жавоб бериш, шунингдек, ўзимизнинг Европа хавфсизлигимиз учун катта масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр”, деди Еврокомиссия раҳбари. 

Унинг режаси бешта устунни ўз ичига олади. Улардан бири Европа Иттифоқи мамлакатлари учун ракетага қарши мудофаа, артиллерия тизимлари, ракеталар ва ўқ-дорилар, дрон ва учувчисиз мудофаа тизимлари ва кибердан тортиб ҳарбий ҳаракатчанликкача бўлган бошқа эҳтиёжлар учун талаб этиладиган 150 миллиард евролик кредит жамғармасидир. Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, янги жамғарма орқали ЕИ давлатлари қўшма харидларни амалга ошириши ва ҳарбий техникани шошилинч етказиб бериш орқали Украинага кўмакни сезиларли даражада ошириши мумкин бўлади. Европа Комиссияси, турли молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда, Rearm Europe дастури Европанинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун тахминан 800 миллиард еврони сафарбар қилишга қодир, деб ҳисобламоқда. Еврокомиссия раҳбари бундай режани ўз вақтида эълон қилди дейиш мумкин. Чунки у мазкур режани очиқлаганидан бир неча соат олдин АҚШ томонидан Украинага номаълум муддатга барча ҳарбий ёрдам етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Унга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина раҳбарияти “тинчлик тарафдори” эканини намойиш қилмагунча, Россияга қарши мудофаа урушида Украинага ҳарбий ёрдамни музлатишга буйруқ берган. Аммо “Fox News” АҚШ президенти маъмуриятидаги манбасига таяниб, бу ёрдамнинг бутунлай тўхтатилиши эмас, балки шунчаки пауза экани ҳақида ёзди. Унга кўра, ушбу қарорни қабул қилишдан олдин Трамп Давлат котиби Марко Рубио ва Мудофаа вазири Пит Ҳегсет билан маслаҳатлашиш учун учрашган. “Bloomberg” агентлигига кўра, қарор Украинага ҳали етказиб берилмаган барча Америка ҳарбий техникасига, жумладан, Польша орқали транзит қилинадиган ёки транзитни кутаётган қуролларга ҳам таъсир қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Грузия Франция Буюк Британия Дональд Трамп Хитой Пўлат Бобожонов бож савдо уруши Мексика Канада Азиз Тошпўлатов Жастин Трюдо Ираклий Кобахидзе Клаудия Шейнбаум Дилмурод Қосимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг