МИБ фермернинг Damas`и хатланишига изоҳ берди
Жамият
−
23 Сентябрь 2019
6983Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида Мажбурий ижро бюроси ходимлари фермернинг Damas русумли автомобилини банк олдидаги мажбуриятини бажармагани учун олиб кетгани, фермер бюро инспекторлари ҳаракатини ноқонуний эканини иддао қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздорлар “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигидан ундирувчи АТБ “Агробанк” Қизириқ филиали фойдасига 145 млн 478 минг сўм кредит қарзи ҳамда 2 млн 909 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган бўлиб, ундирув гаров мулки ҳисобидан “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигига тегишли “ТТЗ-80. 11” ва “Беларусь-80” русумли тракторлар, фуқаро М. Абдурахмановга тегишли Lacetti, фуқаро Б. Пардаевга тегишли Damas русумли автотранспорт воситаларига қаратиш кўрсатилган.
Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Қизириқ тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган.
Қайд этилишича, Бюронинг Қизириқ туман бўлими давлат ижрочилари томонидан бир неча бор қарздорликни бартараф этиши тўғрисида расмий огоҳлантиришлар берилган.
Ижро ҳаракатлари давомида, жорий йилнинг 17 сентябрь куни Бюронинг Қизириқ туман бўлими давлат ижрочилари С.Абдурасулов, Н. Қурбанов, А. Якубов ва Н. Хонимқуловлар томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган Damas русумли автотранспорт воситасини хатлаш мақсадида фуқаро Б. Пардаевнинг яшаш хонадонига чиқилган ва шу куни автотранспорт воситаси далолатномага асосан хатлаб олинган.
Хатлаш жараёни амалга оширилишидан олдин давлат ижрочилари С. Абдурасулов ва Н. Қурбановлар томонидан қарздор Б. Пардаевни хизмат гувоҳномаси билан таништирган.
Бундан ташқари, қарздорлар “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигига тегишли “ТТЗ-80. 11” ва “Беларусь-80” русумли тракторлар, М. Абдурахмановга тегишли Lacetti русумли транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.
Сурхондарё вилоят судининг 14.12.2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигидан Қизириқ туман ДСИ фойдасига солиқ қарзи ундириш тўғрисида ижро ҳужжатига асосан “Яхши ният Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Б. Пардаевдан 1 млн сўм ундирилиб, 19.03.2019 йилдаги тўлов топшириқномасига асосан Қизириқ тумани ДСИ фойдасига ўтказиб берилган.
Шу ўринда, МИБ ходими хатлашдан олдин Пардаевни хизмат гувоҳномаси билан таништирганини таъкидлаган. Бироқ тарқалган видеода фермер бот-бот Бюро ходимининг хизмат гувоҳномаси йўқлигини таъкидлаган. Эътиборлиси ижрочи ҳам фермернинг гапларини инкор қилмай фақатгина суд қарори бор эканини айтиш билан чекланган. Бундай вазиятда кимга ишонишни ҳам билмай, эсанкираш ҳеч гап эмас.
LiveБарчаси