Фермер: МИБ ходимлари Damas машинамни ноқонуний олиб кетди (видео)
Жамият
−
21 Сентябрь 2019
8518Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида Мажбурий ижро бюроси ходимлари фермернинг Damas русумли автомобилини ноқонуний олиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унга видео ҳам илова қилинган.
Видеода иддао қилинишича, Қизириқ тумани Бандихон қўрғони Сарой маҳалласида яшовчи фермер Баҳром Пардаев “Агробанк”нинг туман филиали кредити асосида МТЗ 80 русумли тракторни сотиб олган. Фермер кредит тўловларини график асосида тўлаб келган.
Бироқ жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қизириқ тумани МИБ ходимлари кредит тўламагансиз дея, фермернинг Damas русумли енгил автомобилини олиб кетишган.
Таъкидланишича, МИБ ходимлари хизмат гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортган ёки уларда ҳужжатлар бўлмаган. Фуқаро улардан ҳужжат талаб қилганда инспекторлар 2018 йил 6 июндаги суд қарорини рўкач қилган. Шунингдек, фермер МИБ томонидан огоҳлантирилмаган ҳам.
Фермернинг иддаосига кўра, банк юристи кредитлар тўланганини айтишига қарамай, МИБ инспекторлари тадбиркорнинг мулкини ноқонуний олиб кетган.
Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берилмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь