Мева-сабзавот етиштирувчиларга имтиёзли кредитлар ажратилади
Жамият
−
17 Декабрь 2021 6362 2 дақиқа
Ўзбекистон Президентининг “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан:
• фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредит ажратилади;
• мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада 12 ойлик “револьвер” кредит берилади.
Мазкур тадбирларни молиялаштириш учун Жамғармага 2 трлн сўм бюджет ссудаси ажратилади.
2022 йил 1 мартдан:
• мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига – экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади;
• мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) – хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш зарурлигини билдирди
18 Март
Туроператорларга жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун 5 минг долларгача субсидия берилади
18 Март