Мессининг Саудияда ўйнаш таклифи ҳукумат тарафидан рад этилди – манба

Спорт

image

Саудия Арабистонининг юқори мартабали спорт амалдорининг маълум қилишича, мамлакат Лионель Мессини MLS мавсум танаффусида Саудия Про-лигасида қисқа муддатли шартнома асосида ўйнаш ҳақидаги таклифни рад этган. Бу ҳақда “Sports Desk” нашри хабар берди.

Mahd Sports академияси бош директори Абдуллоҳ Ҳаммаднинг айтишича, аргентиналик юлдузнинг вакиллари 2026 йилги Жаҳон чемпионати арафасида Мессига Саудия Арабистонида ўйнаш имконини бериш масаласида улар билан боғланган.

“Сўнгги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати пайтида Мессининг вакиллари мен билан алоқага чиқди. У MLS лигаси тўрт ойга тўхтаган даврда формасини сақлаб қолиш ва Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун бизда ўйнашни истаган эди”, дейди Ҳаммад Саудия Арабистонидаги Thmanyah платформасига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, вазият Дэвид Бекхэмнинг 2010 йилда “Лос-Анджелес Гэлакси”дан “Милан”га ижарага ўтган пайтига ўхшаш эди. Бироқ Саудия томони бу таклифни қабул қилмаган.

“Мен бу масалани спорт вазирига етказдим, аммо у рад жавобини берди. Вазир Саудия лигаси бошқа турнирларга тайёргарлик платформаси бўлиб хизмат қилмаслигини аниқ айтди”, дея қўшимча қилган Ҳаммад.

Абдуллоҳ Ҳаммад “Саудия Арабистони Мессининг таклифини рад этдими?” деган саволга “Бу ҳақиқат”, дея жавоб берган.

Маълумот учун, сўнгги йилларда Саудия Про-лигаси Криштиану Роналду, Неймар, Карим Бензема каби юлдузларни ўз сафига қўшиб, халқаро миқёсда обрў-эътиборини оширди. Саудия Арабистони 2034 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқини ҳам қўлга киритган.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони 2034 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига мезбонлик доирасида дунёдаги биринчи бино томидаги стадионни қуришни режалаштираётгани ва “Sky Stadium” деб номланадиган ушбу иншоот NEOM мега-лойиҳаси таркибида, чўлдан тахминан 350 метр баландда жойлашиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Лионель Месси Саудия Про-лигаси Абдуллоҳ Ҳаммад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг