Меркурий кутилганидан тезроқ кичраймоқда – тадқиқот
Бу қизиқ
−
15:24 461 2 дақиқа
Меркурий сайёраси аввалги ҳисоб-китобларга қараганда 30 фоизга кўпроқ қисқараётган бўлиши мумкин. Олимлар сайёра диаметри 23 километргача кичрайганини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Associated Press”да эълон қилинди.
Маълум қилинишича, тадқиқот Германия Аэрокосмик маркази Космик тадқиқотлар институти олимлари томонидан ўтказилган.
Тадқиқот муаллифларига кўра, Меркурий юзасининг метеоритлар зарбаси натижасида доимий равишда ўзгариб туриши сайёранинг ҳақиқий қисқариш даражасини яширган бўлиши мумкин.
Меркурий Қуёш тизимидаги энг кичик ва Қуёшга энг яқин сайёра ҳисобланади. Унинг диаметри қарийб 4 минг 900 километрни ташкил этади. Сайёра шаклланганидан бери, яъни тахминан 4,5 миллиард йил давомида кичрайиб келмоқда.
Қайд этилишича, бунга Меркурий ички қисмининг совиши сабаб бўлмоқда. Сайёранинг нисбатан катта темир ядроси совиган сари қисқаради, бу эса мантия ва ер пўстининг сиқилишига олиб келади. Натижада унинг юзасида буришишлар ва ёриқлар пайдо бўлади.
Олимлар Меркурийдаги геологик хариталарни сайёра юзасининг янгиланган хариталари билан таққослаб, энг нотекис ҳудудларда қисқариш белгиларининг камроқ эканини аниқлаган. Тадқиқотчилар айрим буришишлар метеоритларнинг урилиши оқибатида ҳосил бўлган қолдиқлар остида қолиб кетганини тахмин қилмоқда.
Тадқиқот муаллифи Гаку Нишияманинг айтишича, янги ҳисоб-китоблар Меркурий эволюциясини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Айни пайтда Европа ва Япония томонидан юборилган BepiColombo космик аппаратлари Меркурий томон парвоз қилмоқда. Улар ноябрь ойида сайёра орбитасига кириши ва Меркурий қисқаришининг аниқ даражасини ўрганиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Меркурий Қуёш тизимидаги энг кичик сайёра ҳисобланади. У Қуёшни 88 кунда бир марта айланиб чиқади. Сайёранинг бир куни эса тахминан 59 Ер кунига тенг. Меркурийда атмосфера жуда юпқа бўлгани сабабли унинг юзасида кундузи ҳарорат 430 даражагача кўтарилса, кечаси минус 180 даражагача тушиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ернинг айланиш тезлиги ўзгариб бораётгани сабабли жаҳон вақти Ернинг айланишига боғлиқ бўлмаган тизимга ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси