Меркель Путин ва Трамп билан суҳбатини гапириб берди
Олам
−
10:12
5635Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель Россиянинг жавоб ҳаракатларидан хавфсирагани учун Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши жараёнини қасддан секинлаштирган, Владимир Путин эса совуқ урушда АҚШ ғалаба қозонганини ҳеч қанақасига ҳазм қилолмаган. Бу ҳақда “Die Zeit” нашрида эълон қилинган Германия собиқ канцлерининг мемуарида келтирилган.
“Озодлик: 1954-2021 йиллар хотираси” деб номланган китобнинг расмий нашри кеча, 26 ноябрь куни босмадан чиқди.
Ангела Меркель Германияни 16 йил бошқарган ва дунёнинг энг кучли ҳамда нуфузли етакчиларидан бири ҳисобланган.
Бироқ яқинда унинг сиёсий мероси шубҳа остига олинди. Кўпчилик Меркелнинг Россияга нисбатан иккиланган позицияси кўп жиҳатдан Европадаги ҳозирги вазиятга ва хусусан, Украинадаги урушга олиб келганига ишонади.
Матбуот Меркелнинг ўз ҳукмронлиги давридаги воқеаларни тасвирлайдиган хотиралари унга замондошлари ва авлодлари олдида ўзини оқлашга ёрдам бериши мумкинлигини ёзган. Бошқаларнинг фикрича эса, унинг иқрорлари мутлақо тескари таъсир келтириб чиқариши мумкин.
Меркель Украина ҳақида нима ёзган?
У ўз хотираларининг муҳим қисмини Украина ва унинг НАТОга кириши ҳақидаги иккиланишларига бағишлайди.
Собиқ канцлер 2008 йилда Бухарестда бўлиб ўтган саммитда Украинага альянс аъзолигига номзод давлат мақомини бериш масаласи ҳал қилинган ва бу Киев учун муҳим лаҳза бўлган, дея ёзган.
Меркель ўз хотираларида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш истагини бутун ҳарбий альянс учун хавфсизлик масалалари билан мутаносиб бўлиши кераклигини ҳис қилганини айтади.
Путин ҳақида
Меркелнинг сўзларига кўра, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши билан боғлиқ вазиятда Путин шунчаки жим туради ва ҳеч нарса қилмайди, деб тахмин қилиш соддаликка тенг бўлган.
“Путиннинг нуқтаи назарини таҳлил қилиб чиқмасдан, Украина ва Грузияга номзодлик мақоми берилишини мен эҳтиётсизлик деб ҳисоблардим. Путин 2000 йилда ўз мамлакатига Президент бўлган вақтдан буён у Россияга халқаро майдондаги ўйинчи мақомини қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилди, буни ҳеч ким, айниқса АҚШ эътиборсиз қолдира олмасди. Унинг мақсади Россияда ҳам, бошқа жойларда ҳам демократик тузилмаларни қуриш ёки самарали иқтисодиёт орқали барча учун фаровонлик яратишдан иборат эмасди. Аксинча, у АҚШ совуқ урушдан ғолиб чиққани фактига ниманидир қарши қўйишга интилди. У совуқ уруш тугаганидан кейин ҳам кўп қутбли дунёда Россия кучнинг ажралмас маркази бўлиб қолишини истарди. Бу мақсадга эришиш учун у биринчи навбатда хавфсизлик хизматидаги ўз тажрибасига таянди”, дея ёзган Меркель.
Меркель НАТО аъзолигига номзод мамлакат мақоми Украина ва Грузияни Владимир Путинни (ўз китобида уни “доимо жазолашга тайёр” одам деб атаган) тийиб турувчи механизм бўлиши ва ундан ҳимоя қилиши ҳақидаги фаразни “хомхаёл” деб ҳисоблаган. Унинг таъкидлашича, ўша вақтда шартноманинг бешинчи моддаси Украина ёки Грузияга нисбатан бузилиш ҳолатлари НАТО томонидан жавоб бўлишига олиб келолмасди.
“НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий йўл билан – моддий воситалар билан ҳам, қўшинлар билан ҳам жавоб бериши ва аралашиши ақлга сиғармиди? Федерал канцлер сифатида, Қуролли кучларимиз бунда иштирок этиши учун Бундестагга мурожаат қилишим ва кўпчиликнинг қўллаб-қувватловига эришишим мумкинмиди?”, дея хотирлайди Меркель ўша вақтдаги мулоҳазаларини.
Меркель Путинни ғафлатда қолмаслик учун доимо ҳушёр, доимо ҳужум қилишга тайёр турадиган, уйида ким хўжайинлигини ити орқали ёки бошқаларни куттириш билан намойиш этадиган одам сифатида тасвирлаган.
Ит билан боғлиқ эпизодда Меркель Путин билан 2007 йил Сочидаги учрашувини назарда тутган, Россия Президенти ўшанда меҳмони итлардан қўрқишини била туриб музокаралар хонасига ўз итини чақирган.
Трамп ҳақидаги хотиралари
Меркель 2016 йилда АҚШдаги президентлик кампаниясини диққат билан кузатгани ва Ҳиллари Клинтоннинг ғалабасини кутгани, аммо бир неча марта Германияни ҳамда Меркелнинг ўзини ҳам танқид қилган Дональд Трамп ғалаба қозонганини эслайди. Шунга қарамай, у ҳамкасбини сайлангани билан табриклайди, тўрт ой ўтиб учрашиш учун Вашингтонга боради.
Оқ уйда Трамп уни эшик олдида матбуот вакиллари даврасида қарши олади ва унинг қўлини сиқиб қўяди. Овал кабинетдаги юзма-юз суҳбатдан олдин улар яна бир марта журналистлар қаршисига чиқади, улар эса сиёсатчилардан яна бир бор кўл бериб кўришишни сўрашади, аммо Трамп бу илтимосни эътиборсиз қолдиради.
Яккама-якка суҳбат асосан инглиз тилида кечганди, деб хотирлайди Меркель. Трамп собиқ канцлерга бир нечта саволлар берган. Жумладан, у келиб чиқишига кўра шарқий германиялик экани ва Путин билан муносабатлари ҳақида ҳам.
“Назаримда, у Россия Президентига мафтун эди. Кейинги йилларда менда шундай таассурот пайдо бўлдики, авторитар ва диктаторликка мойил сиёсатчилар унинг учун ўзига хос жозибадорликка эга бўлган”, дея ёзади у.
Унинг сўзларига кўра, суҳбат вақтида Трамп Германияга қатор эътирозларини билдирган (жумладан, мудофаа учун НАТОнинг 2 фоизлик кўрсаткичидан паст харажат) ва қайта ва қайта Германия у ҳамда Америкадан қарздорлигини уқтирган. Меркель қайд этишича, улар “турли даражада” гаплашган: Трамп – ҳиссиётга берилиб, унинг ўзи эса – фактлар ва аргументлар келтирган ҳолда.
Меркель Трамп билан ўзаро тушунган ҳамкорлик бўлмаслиги, сайланган президент барча нарсага қурувчи, девелопер позициясидан қарашини хулоса қилган.
LiveБарчаси
26 Ноябрь