Мерей Омонбоева суд ҳукми билан жазодан озод қилинди
3-саҳифа
−
30 Октябрь
16516Жорий йилнинг 2 октябрь куни Жиноят ишлар бўйича Навоий вилояти Навбаҳор тумани суди томонидан Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида якуний суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, Омонбоева 2022 йилнинг июнь ойидан 2023 йилнинг ноябрь ойига қадар Навоий шаҳар Зарафшон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият кўрсатган. Хизмат мавқейидан фойдаланиб, Навоий шаҳридаги тадбиркорга ўзининг Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев билан яқин муносабатда эканлигини айтиб, гўёки ҳоким билан таништириб қўйишни ваъда қилган. Суд ҳужжатида айтилишича, бу орқали Омонбоева тадбиркордан шаҳар ҳокими номидан қарз эвазига пул сўраб олишни режалаштирган.
Қайд этилишича, Омонбоева 2022 йил 28 октябрдан 2023 йил 5 сентябрга қадар “S.9.” ва “B.I.B.T.F.” МЧЖ раҳбари М.Р.дан жами 80 миллион сўм пулни қарз сифатида олган. Ушбу қарзни қайтариб бермаслик ва тадбиркорнинг бошқа пул маблағларига эгалик қилиш мақсадида 2023 йилнинг октябрь-ноябрь ойлари давомида унга гўёки ўзини Навоий шаҳар ҳокими билан яқин муносабатда экани, унинг хизмат сафари билан Хитойга борган вақтида Навоий шаҳридаги айрим тадбиркорлардан 50 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олиб кетгани, ушбу қарздорлик тадбиркорлар томонидан талаб қилинаётганига ишонтирган. Сўнгра гўёки шаҳар ҳокими томонидан Раҳматовдан моддий ёрдам сўралгани ҳақида Теlegram орқали ёзишмаларни сохталаштириб, тадбиркорга кўрсатган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Омонбоева бу орқали Раҳматовни Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашевга қарз беришга кўндирган ҳамда пулни ўзи етказиши кераклигига ишонтирган. Тадбиркордан ҳокимга қарз сифатида бериш учун 2023 йил 1 октябрдан ўша йилнинг 18 ноябрь кунига қадар 56 миллион сўм ва 23 минг АҚШ доллари, жами 338 миллион сўм миқдоридаги пулни олишга муваффақ бўлган.
Мерей Омонбоева суд мажлисида сўроқ қилинганида айбига иқрорлик билдирмасдан ҳокимнинг ўзи ундан пул сўрагани, у ўша куни кечқурун тадбиркорга қўнғироқ қилиб, пулни олганини билдирган. Ўрталарида келишмовчилик пайдо бўлгани сабабли тадбиркор суҳбат пайтида Омонбоевадан қарз сифатида олиб кетган пулларни қайтаришни сўраган. Омонбоева Раҳматовга пулларнинг орасини очиб беришини айтиб, шаҳар ҳокими Эргашевдан бу ҳақида ҳеч қандай жавоб бўлмаганини таъкидлаган.
“185 миллион сўм пулни шаҳар ҳокими Эргашев учун қарз сифатида Меҳрож акадан олганман. Эргашевдан 185 миллион сўм нима мақсадда керак эканлигини сўрамаганман. Бундан ташқари, Раҳматов ходимларини электрик, механик, слесар ва бошқа шу каби соҳаларга ўқитиб беришим учун 80 миллион сўм берган, аммо ўқитиш учун ходим юбормаган”, деган у.
Судланувчи Омонбоева терговда қўшимча гумон қилинувчи ҳамда айбланувчи сифатида ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида эса айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Жабрланувчи М.Р.нинг судда берган кўрсатмасига кўра, 2023 йилнинг декабрь ойи охирларида Омонбоева яна қарз сўраган. Шундан сўнг, Раҳматов Навоий шаҳридаги ўзига тегишли хусусий мактабгача таълим ташкилотида газ масаласини баҳона қилиб, ҳақиқатан пул маблағлари шаҳар ҳокимига берилаётганини билиш учун Навоий шаҳар ҳокимининг қабулига борган. Унга дастлаб гўёки газ босими пасайганлиги, шуни кўтаришга амалий ёрдам беришини айтган. Гап орасида шаҳар ҳокими Эргашевга “Сўраган пулингизни кечга Мерейга бериб юбораман” деган. Ҳоким эса қандай пул эканлигини сўраган. М.Р. эса унга қарз сифатида 56 миллион сўм ва 23 минг АҚШ долларини Омонбоева орқали берганини маълум қилган. Ҳоким ҳайрон бўлиб, Омонбоевадан ҳеч қандай пул сўрамаганини айтган.
М.Р. суддан Омонбоева унга жами 136 миллион сўм ва 23 минг АҚШ доллари миқдорида зарар етказганлигини айтиб, ушбу маблағни ундириб беришни сўраган.
Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев ҳам судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Ҳоким ўз кўрсатмасида Мерей Омонбоева ва М.Р.дан ҳеч қандай пул маблағларини бирор-бир ишини ҳал қилиб бериш ёки қарз сифатида сўрамагани, улардан пул олмагани, унинг номидан сохта Теlegram аккаунт очилганини маълум қилган.
Суд ҳукми билан Мерей Омонбоева Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Бироқ суд Мерей Омонбоева аёл киши экани, муқаддам судланмаганлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётганлиги, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлангани, етказилган зарар қопланганини ҳисоблаб, Жиноят кодексининг 70-моддасига (Шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) асосан жазодан озод қилишни лозим топган.
QALAMPIR.UZ апелляция шикояти киритган ёки киритмаганини аниқлаштириш мақсадида Мерей Омонбоева билан боғланди. Унинг бизга маълум қилишича, у судга апелляция шикояти киритган, лекин унга энди кеч бўлганини айтишган. Суд ҳукмига кўра, ҳукм устидан тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида, шу суд орқали апелляция тартибида Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига шикоят бериш ёки протест билдириши, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида шикоят бериш ёки протест билдириши мумкин. Омонбоева эса ҳолат юзасидан Олий судга мурожаат қилганини билдирди.
Шунингдек, Омонбоева суд мазкур иш доирасида прокуратура терговчисига ҳам хусусий ажрим чиқарилганини билдирди.
Бу орада эса ижтимоий тармоқларда иккинчи томон, яъни тадбиркор М.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а-банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Маълумот учун, Мерей Омонбоева 1997 йилда Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. Олий маълумотли. У 2020 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Омонбоева 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Тайинловга қадар Навоий шаҳри “Зарафшон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган.
2021 йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи давомида ўтказилган тадбирда Мерей Омонбоева сўзга чиқиб, Президентнинг вилоятга келганидан “дух” олганини айтганди. Унга Президент совғаси сифатида автомобиль ҳадя қилинган.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь