Президентдан “дух” олгани билан танилган Омонбоева ўзига қўйилаётган айбловларга муносабат билдирди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар бергандик. QALAMPIR.UZ воқеага аниқлик киритиш мақсадида Омонбоева билан боғланди. 

Унинг айтишича, қандайдир тушунмовчилик содир бўлган. Омонбоева ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олгани ҳақидаги гапларни туҳмат деб ҳисоблашини билдирди.

 “Раҳбар бўлиб ишлаш қийин. Ҳали мен учун бунақа зарбалар кўп бўлса керак. Мен ҳаммаси билан курашаман. Мен Президентга ваъда берганман. Мен ҳеч нарсадан қайтмайман, фақат халқ учун, давлат учун хизмат қиламан”, деди Мерей Омонбоева QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси эса бугунги кунга қадар палатага ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан Омонбоевани ишдан четлаштириш бўйича талабнома келиб тушмагани ва у Палатанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди.

Палата Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасига асосан, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишини эслатган.

Маълумот учун, Мерей Омонбоева 1997 йилда Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. Олий маълумотли.  У 2020 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Омонбоева 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Тайинловга қадар Навоий шаҳри “Зарафшон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган.

2021 йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи давомида ўтказилган тадбирда Мерей Омонбоева сўзга чиқиб, Президентнинг вилоятга келганидан “дух” олганини айтганди. Унга Президент совғаси сифатида автомобиль ҳадя қилинган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мерей Омонбоевага нисбатан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов айни пайтда Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мерей Омонбоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг