Мексикада ичида 14 нафар ўзбекистонлик бўлган фургон ЙТҲга учради (видео)
3-саҳифа
−
23 Июнь 2023 16119 1 дақиқа
Кеча, 22 июнь куни Мексиканинг Чиапас штатида Ўзбекистондан борган 14 нафар ноқонуний муҳожир ўтирган фургон йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Мексика Миллий миграция институти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, муҳожирлар Вилья-Комальтитландан Эҳидо Идальгога фургон кузовида тиқилинч ҳолда кетаётган бўлган. Йўлда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида фургон ҳалокатга учраган.
Ҳодиса оқибатида бир нафар ўзбекистонлик жиддий жароҳат олиб, ҳушидан кетган ҳамда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Жабрланганларга маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари, Миллий гвардия ва миграция хизматлари ходимлари ёрдам берган. Айни пайтда муҳожирлар испан тилини билмаган, маҳаллий ходимлар эса ўзбекчани тушунмаган.

Воқеадан сўнг 13 нафар ўзбекистонлик Миллий миграция институти идорасига олиб кетилган ва у ерда уларга нисбатан мамлакатга ноқонуний кириш бўйича иш очилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексикада босқинчилар ўғирлаб кетган ўзбекистонлик мигрантлар қутқарилганди. Шунингдек, Самарқандда уч кишини Мексикадан АҚШга ўтказиб қўймоқчи бўлган шахс ушланганди.
Live
Барчаси