Мексикада “Бэтмен” пайдо бўлди: у ўғриларни устунга боғлаб кетяпти (видео)
Олам
−
29 июн 2928 3 дақиқа
Мексиканинг Халиско штатида полиция ижтимоий тармоқларда “Мексикалик Бэтмен” деб ном олган номаълум шахсни қидирмоқда. Тергов маълумотларига кўра, ниқобли шахс мотоцикл ўғрилигида гумон қилинаётганларни кузатиб бориб, уларни калтакламоқда ва скотч билан кўча устунларига боғлаб кетмоқда. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ғайриоддий воқеа Лагос-де-Морено муниципалитетида содир бўлмоқда. Дастлабки ҳолатлар жорий йил 13 июнда қайд этилган бўлса, кейинги ўн кун ичида полиция яна камида бешта шунга ўхшаш воқеани рўйхатга олган.
Барча ҳолатларда эркаклар мустаҳкам скотч билан чироқ устунларига боғлаб ташланган ҳолда топилган. Уларнинг ёнида ўғирланган бўлиши мумкин деб тахмин қилинаётган мотоцикллар ҳам қолдирилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда кўриш мумкинки, айрим қўлга олинганларнинг юзига мўйлов ва мушук туклари чизиб қўйилган, пешонасига эса испан тилидан таржима қилинганда “ўғри” маъносини англатувчи “ratero” сўзи ёзилган. Ҳолатлардан бирида икки эркак тўқ пушти рангли йўл белгиси остига орқаси билан бир-бирига боғлаб кетилган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, номаълум шахс фақат тунда ҳаракат қилади.
Ижтимоий тармоқларда устунга боғланганлар кўпчилик томонидан жиноятчи деб аталаётган бўлса-да, полиция уларни биринчи навбатда ҳужум қурбонлари (жабрланувчилар) сифатида кўриб чиқмоқда.
Халиско штати жамоат хавфсизлиги котиби Хуан Пабло Эрнандеснинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ушбу ҳодисаларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган иккита автомобилни аниқлашга улгурган.
“Биз ушбу ҳужумларга алоқадор шахсни фаол равишда қидирмоқдамиз”, дейди Хуан Пабло Эрнандес.
Шунингдек, тергов ушбу ишларни бир киши амалга оширяптими ёки бу ерда бутун бир гуруҳ ҳаракат қиляптими, деган масалага аниқлик киритмоқда.
Эркаклар топилганидан кейин полициячилар томонидан озод қилинган. Олган жароҳатлари туфайли уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган. Шу билан бирга, расмийлар ҳозирча жабрланувчиларнинг ўзларига нисбатан мотоцикл ўғрилиги гумони бўйича алоҳида тергов олиб борилаётгани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.
Ушбу ғайриоддий ҳолатлар серияси Лагос-де-Моренода мотоцикл ўғрилиги кўпайган бир пайтда юз берган. Бу эса маҳаллий аҳоли ўртасида норозиликни ошириб, мавзунинг интернетда кенг муҳокама қилинишига сабаб бўлган.
Видео ва фотосуратлар TikTok, X ва Instagram’да тез тарқалмоқда. Кўплаб тармоқ фойдаланувчилари номаълум шахснинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, у тизим жиноятчиликка қарши кураша олмай қолган жойда адолат ўрнатмоқда, деб ҳисобламоқда.
Бироқ бу ишни танқид қилганлар ҳам топилган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзбошимчалик билан суд қилиш (самосуд) зўравонликнинг янада авж олишига олиб келиши ва жабрланганлар ҳақиқатан ҳам жиноят содир этган бўлишидан қатъи назар, адлия тизими обрўсига путур етказишидан огоҳлантирмоқда.
Ҳозирги вақтда полиция тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда ва воқеанинг барча тафсилотларини аниқламоқда.
Маълумот учун, Бэтмен – дунёдаги энг машҳур ва севимли суперқаҳрамонлардан бири бўлиб, у илк бор 1939 йилда АҚШнинг DC Comics нашриёти комиксларида пайдо бўлган. Унинг образи рассом Боб Кейн ва ёзувчи Билл Фингер томонидан яратилган.
Эрта етим қолган ва улкан бойлик ворисига айланган миллиардер Брюс Уэйн ушбу ниқоб ортига яширинади. Болалигида ота-онаси жиноятчилар қўлида ҳалок бўлганига гувоҳ бўлган Брюс бутун ҳаётини жиноятчиликка қарши курашишга бағишлайди. У ўзи яшайдиган, жиноят ботқоғига ботган хаёлий Готем шаҳрини ҳимоя қилиш учун кўршапалак тимсолидан фойдаланиб, “Бэтмен” образига киради.
Live
Барчаси