Мексика қамоқхонасидаги тартибсизлик 10 кишининг умрига зомин бўлди

Олам

−

image

Мексиканинг Синалоа штатидаги қамоқхонада юз берган тартибсизлик оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, яна 16 нафар маҳбус жароҳатланди. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа кеча, 8 октябрь куни эрталаб Масатлан шаҳридаги “El Castillo” қамоқхонасида, маҳбусларнинг оила аъзолари билан учрашуви вақтида содир бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 9 нафари маҳбус, бири эса маҳбуслардан бирининг оила аъзоси бўлган. Жароҳатланган 16 нафар маҳбус тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага олиб кетилган.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, тартибсизлик вақтида ўқотар қуроллардан фойдаланилган. Бироқ расмийлар ҳалок бўлганлар қандай шароитда вафот этганига аниқлик киритмаган.

Ҳодисадан сўнг армия, Миллий гвардия, ҳарбий-денгиз кучлари ва штат хавфсизлик хизмати вакиллари қамоқхона ҳудудига киритилган. Федерал хавфсизлик идораларининг маълумотига кўра, 1 800 нафар маҳбус сақланадиган муассасада вазият назорат остига олинган.

Таҳлилчиларга кўра, Мексика қамоқхоналарида маҳбуслар сонининг кўплиги, суд ҳукми чиқарилмасдан узоқ муддат сақлаш амалиёти ва ходимлар етишмаслиги коррупция ҳамда зўравонлик ҳолатларига замин яратмоқда. Жорий йилнинг май ойида Синалоа штати пойтахти Кульякан шаҳридаги қамоқхонада ҳам тартибсизлик юз берган. Ўшанда етти маҳбус ҳалок бўлиб, яна бири жароҳатланган.

Расмий маълумотларга кўра, Мексикада жами 276 та қамоқхона мавжуд. Жорий йилнинг февраль ҳолатига кўра, уларда 261 388 киши сақланган.

Синалоа штатида 2024 йил сентябридан буён “Синалоа” наркокартелининг икки гуруҳи ўртасидаги ички кураш сабабли зўравонлик кучайган. Можаро наркобарон Хоакин “El Chapo” Гусманнинг “Los Chapitos” номи билан танилган ўғиллари тарафдорлари ва картелнинг яна бир етакчиси Исмаэль “El Mayo” Самбада тарафдорлари ўртасида кечмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Владикавказ – Адлер” поездига уланган маҳбуслар ташиладиган вагонда исён кўтарилиши оқибатида Жазони ижро этиш федерал хизмати ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг