Мексика-АҚШ чегарасини бир кун ичида рекорд миқдорда муҳожирлар кесиб ўтди
Олам
−
20 Декабрь 2023
10789Мексикадан бир кун ичида 12,6 мингдан ортиқ одам АҚШ билан чегарани кесиб ўтишга уринди, бу эса рекорддир. Бу ҳақда АҚШ чегара хизматидаги манбага таяниб, “Fox News” телеканали хабар берди.
Телеканал суҳбатдошига кўра, 18 декабрь куни чегарадаги Игл Пасс шаҳрида (Техас) 12,6 мингдан ортиқ муҳожир рўйхатга олинган. Бундан ташқари, яна минглаб мигрантлар Техас жанубидаги Дель Рио шаҳрида навбатини кутмоқда. “Fox News” манбасининг аниқлик киритишича, 11 минг мигрант чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганда, 1,6 мингдан ортиғи эса назорат-ўтказиш пунктларида қўлга олинган. Кеча, 19 декабрь куни эрталаб Чегара хизмати объектларининг сиғими 260% га оширилган.
18 декабрь куни чегарачилар жанубий чегарада Аризона штатининг Тусон шаҳрида 3 мингдан ортиқ одамни ҳибсга олган. Чегара хизматига босим шу даражада ошганки, губернатор Кетлин Хоббс Миллий гвардияни ёрдамга юборган.
"Аризона Люквил ўтиш жойини қайта очиш, муҳожирлар кўпайишини бартараф этиш ва чегара хавфсизлигини таъминлаш учун ресурслар ва одамларга муҳтож", дейди губернатор.
Маълумот учун, расмийлар Игл довонидаги халқаро кўприклардан бирида транспорт воситаларининг ўтишини тўхтатган. Бундан ташқари, Сан-Диегодаги (Калифорния) пиёдалар кўприги ва Люквилдаги (Аризона) ўтиш жойи ишламай қолди.
Маҳаллий матбуот Оқ уй ва АҚШ Сенати яқин кунларда мамлакат жанубий чегарасидаги миграция инқирозини ҳал қилиш бўйича келишув лойиҳасини тақдим этиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. “The Wall Street Journal”нинг хабар қилишича, АҚШ Конгрессидаги бир қатор сенаторлар Украинага ёрдам ажратиш билан боғлиқ бўлган Америка чегарасини назорат қилиш бўйича келишув 25 декабргача келишиб олиниши ва тузилишига шубҳа қилмоқда.