Меҳрибон Алиева Арманистон раҳбариятини бегуноҳ одамлар ўлимида айблади
Олам
−
08 Июнь 2021
9319Жорий йилнинг 4 июнь куни Тоғли Қорабоғнинг Арманистондан озод қилинган Калбажар туманида ичида Озарбайжон журналистлари бўлган машина минада портлаб кетгани, оқибатда 3 киши – икки журналист ва бир амалдор вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Озарбайжон Республикаси вице-президенти, мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
“Мен Озарбайжон давлат телевидениеси (AzTV) ходими Сираж Абишов (1989 йилда туғилган), Озарбайжон Давлат ахборот агентлиги ходими Маҳаррам Иброҳимов ва Калбажар вилояти Сусузлуғ қишлоғидаги ижроия ҳокимияти раҳбари вакили ўринбосари Aриф Aлиевнинг ўз вазифасини бажараётган вақтда мина портлаши оқибатида ҳалок бўлганлари ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим.
Уруш тугагандан сўнг, озод этилган ҳудудларда арман босқинчилари томонидан ўрнатилган миналар ёрдамида 140 дан ортиқ одам портлатилди. Улардан 27 нафари қурбон бўлди”, дейди Президент Илҳом Алиевнинг рафиқаси.
Озарбайжон жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон билан бошланган қуролли тўқнашувлардан кейин норябрь ойига келиб Тоғли Қорабоғни мустамлакадан озод қилди. Қорабоғ ерлари 29 йиллик арман мустамлакасидан яна Озарбайжонга қайтди. Расмий Баку айни вақтда ушбу ҳудудлар ўтган йиллар давомида вайронага айлантирилиб, тарихий обидалар йўқ қилингани, инфратузилма ишдан чиққани, бу ҳам етмагандек, арман Ҳукумати ҳудудларга миналар ўрнатгани ва Қорабоғ ерлари Озарбайжон қўлига ўтганига қарамай, миналанган ерлар харитасини бермай келаётганини таъкидламоқда.
“Бегуноҳ одамларнинг ўлими учун жавобгарлик бутунлай Арманистоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятига юкланади. Озарбайжон томонининг миналанган ҳудудлар хариталарини тақдим этиш тўғрисидаги чақириқларига қарамай, Арманистон раҳбарияти буни рад этмоқда ва шу билан халқаро гуманитар қонунларни бузишда ва Озарбайжонга қарши террор сиёсатини олиб боришда давом этмоқда. Афсуски, Озарбайжон томонининг ЕХҲТ Минск гуруҳи мамлакатларига, шунингдек, турли халқаро ташкилотларга миналаштирилган майдонларнинг хариталарини тақдим этиш масаласида Арманистонга босим ўтказишга чақириқлари муваффақиятсиз тугади. Ўзларини журналистлар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида тутган халқаро ноҳукумат ташкилотлар ҳамон сукут сақламоқда. Озарбайжон халқи ғолиб халқдир! Буни ўзгартириш ёки қўрқитиш мумкин эмас!”, дейди ўз чиқишида Меҳрибон Алиева.
Маълумот учун, ўтган йил 27 сентябрда бошланган 44 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка, 286 та қишлоқ ва кўплаб стратегик муҳим тепаликларни Арманистондан озод қилди.
Арманистон уруш тугагач Ағдам, Лочин ва Калбажар туманларини Озарбайжонга топширди. Арман ҳарбийлари Ағдамни 2020 йил 20 ноябарда, Келбажарни 25 ноябрда ва Лочинни 1 декабрда тарк этди.
LiveБарчаси