МДҲ жамоатчилиги Саида Мирзиёеванинг ташаббусини қўллаб-қувватламоқда
Олам
−
22 Декабрь 2022
7551Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёеванинг жамиятда ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлашга қарши курашиш, ўқитувчилар даромадини кўпайтириш ҳақидаги айтган фикрлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, Россия Федерацияси жамоатчилиги, депутатлар ва зиёлилар Мирзиёеванинг фикрларига фаол ҳамфикр бўлмоқда. Унинг айтганларини Россия Федерацияси Давлат думаси спикери ўринбосари Борис Чернишов ҳамда депутат Артём Кирянов ёқлаб чиқди. Кирянов ўзининг Telegram саҳифасида шундай ёзган:
“Ўзбекистон Президенти Администрацияси ижро аппарати вакили Саида Мирзиёева ўқитувчилардан хизматкор сифатида фойдаланишни бас қилишни таклиф қилган нутқини кўрдим. Унинг гаплари барча ҳудудларда фаол акс садо берди. Бу эса рамзий маънога эга, чунки келгуси йилни “Устоз ва мураббийлар йили” деб эълон қилдик.
Агар биз Россия тарихини эсласак, унда мамлакатимизда ўқитувчилик касби ҳар доим энг ҳурматли ва инқилобдан олдин ҳам у энг юқори маошли касблардан бири бўлган. Ўқитувчи ўқувчилар учун ҳам, ота-оналар учун ҳам ҳурматли эди. Ва бу тўғри бўлган, чунки аслида айнан ўқитувчилар умумий келажагимизни шакллантирадилар, ёш авлодга маънавий-ахлоқий тарбия асосларини яратадилар. Аммо кейин, қандайдир тарзда жамият учун мутлақо сезилмайдиган бўлиб, таълим ва тарбиядан ўқув хизматларини кўрсатишга ўтиш содир бўлди. Шунга кўра ўқитувчига муносабат ҳам ўзгарди. Энди буни тузатиш вақти келди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимни қўллаб-қувватлайман. Ҳозирги муаммоларга мукаммал ечим”.
Россия Думаси вице-спикери Борис Чернишовга кўра, Мирзиёева кўрсатган ташаббус нафақат Ўзбекистон, балки Россиядаги ўқитувчилар учун ҳам муҳим.
“Россияда Ўқитувчи ва мураббий йили арафасида бу масалалар мамлакатимиз учун ҳам долзарбдир. Биз фахримиз бўлган ўқитувчиларимизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Шундагина рус таълимини аввалги буюклигига қайтаришимиз мумкин”, дейди у.
Ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган акцияга таниқли спортчи Николай Валуев ҳам қўшилди.
“Ўқитувчи, энг аввало, ўзининг бевосита вазифаси – шогирдидан баркамол шахс тарбиялаш билан шуғулланиши керак. Агар мураббийим менга вақт ажратиш ўрнига қандайдир кераксиз ишлар билан машғул бўлганида, бундан ҳеч қандай яхшилик чиқмасди, деб ўйлайман. Шунинг учун мен Саидани тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, деган у.
Қўшни Қирғизистонда ҳам ўқитувчилардан мардикордек фойдаланиш “анъана”си йўқ эмас. Шу боис Мирзиёева айтган гаплар Бишкекда ҳам жиддий эътибор қозонди. Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутати Бахридин Шабазов Мирзиёеванинг ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
У ўқитувчиларни бевосита ўз ишига алоқадор бўлмаган ишларга мажбурлаганлар учун Қирғизистонда ҳам маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам жорий этилиши кераклигига ишонишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 17 декабрь куни “Заковат” интеллектуал олимпиадаси доирасида брейн-ринг ўйинлари финалида ўқитувчилар ҳақида шундай деган эди:
“Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи “массовка”, матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди”, дейди Мирзиёева.
LiveБарчаси