Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича анжуман ўтказилади

Жамият

−

image

Ўзбекистонда 2031 йилда жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича анжуман ўтказилади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

“БМТ Бош Ассамблеясидан сўнг ишимизни Абу-Дабида – Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессда давом эттирдик. Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан 5 мингга яқин вакил иштирок этмоқда”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Унинг билдиришича, умумий ечимни тақозо этаётган масалалар: трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, шунингдек, болалар ҳимояси ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинган.

“Конгресс доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашганимдан хурсанд бўлдим. Биз БМТнинг ушбу тузилмаси билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз”, деб ёзди Саида Мирзиёева.

Унинг ёзишича, мазкур конгресс Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этган. Барча иштирокчи давлатлар навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш бўйича мамлакат ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва бу якуний декларацияда ўз тасдиғини топган.

“Буни Ўзбекистонга нисбатан халқаро миқёсдаги юксак ишонч рамзи деб биламан. Бу – бизнинг очиқлигимизга, мулоқотга доим тайёрлигимизга ҳамда умумий мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштира олишимизга билдирилган ишончдир.

Олдинда беш йиллик тайёргарлик даври турибди. 2031 йилда мамлакатимиз бутун дунёдан келадиган делегатларга мезбонлик қилади”, дейди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Аъло билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг