МБ халқаро тўлов карталаридаги пулни нақдлаштириш бўйича баёнот берди
Жамият
−
13 Октябрь 2019
3702Аввал маълум қилинганидек, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб халқаро тажрибага асосан халқаро тўлов карталаридаги маблағларни мамлакат ҳудудидаги банкоматлар орқали фақат миллий валюта – “сўм”да нақдлаштириш амалиёти жорий қилинди.
Жисмоний шахс – резидентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) бевосита банк кассаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти ёки ҳарбий гувоҳнома) тақдим этган ҳолда халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани чекланмаган миқдорда нақдлаштиришлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки сўнгги пайтларда айрим оммавий ахборот воситаларида нақдлаштириш жараёнида комиссия олинаётганлиги тўғрисида чоп этилган мақолалар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан, банк тижорат ташкилоти бўлиб, банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдир.
Маълумки, халқаро тўлов карталари орқали амалга ошириладиган транзакциялар халқаро тўлов тизимлари (Visa, Master Card, China Union Pay ва ҳоказо) воситасида бажарилиб, ушбу тизимлар томонидан ҳар бир транзакция учун тижорат банкларидан муайян комиссия тўлови ундирилади.
Бундан ташқари, тижорат банкларининг нақд чет эл валютаси билан боғлиқ операцион харажатлари ҳам мавжуд бўлиб, улар нақд хорижий валютани республикага олиб кириш, олиб чиқиш, қайта санаш, транспорт ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.
Ўз навбатида, банклар хўжалик юритувчи субъект сифатида ҳамда даромад олиш мақсадида мижозлардан ундириладиган хизмат ҳақини мазкур харажатларни инобатга олган ҳолда тасдиқлайдилар.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банклар ўртасида рақобат муҳити шаклланмоқда. Бу ўз навбатида, банк хизматларига ўрнатилган тарифларнинг оммабоп бўлишига ва пасайишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда банк кассалари орқали халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани нақдлаштириш учун ўрнатилган комиссия 0,5 – 1 фоиз оралиғида (айрим банкларда бепул) бўлиб, бошқа МДҲ мамлакатларидаги ушбу турдаги хизмат учун ўрнатилган тарифлардан (ўртача 2 фоиз) сезиларли даражада пастдир.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакатдаги барча валюта айирбошлаш шохобчалари тегишли терминаллар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 633 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари “24/7” режимида фаолият кўрсатмоқда”, дейилади МБ ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 августидан тижорат банклари нақд хорижий валюта сота бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь