Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди
Жамият
−
13:12
806Марказий банк бошқаруви бугун, 12 декабрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, сўнгги ойларда иқтисодиётда юқори талаб ва нархларга оширувчи босимларнинг сақланиб қолаётганлиги фонида инфляция даражасининг прогнозга нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори шаклланаётганлиги кузатилмоқда. Жорий йил якунида умумий инфляция прогноз коридорининг юқори чегараларида бўлиши кутилмоқда.
"Инфляцион жараёнларни ва кутилмаларни ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасини 5 фоизлик таргетигача пасайтиришга замин яратиш мақсадида пул-кредит шароитларининг қатъийлиги жорий даражада сақлаб қолинди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, сўнгги икки ойда йиллик инфляция даражаси бироз пасайиб, ноябрь ойи якунида 10 фоизни ташкил этган. Инфляциянинг пасайиши, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юзага келган. Иқтисодиётда шаклланаётган юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватлаши ҳисобига хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари нархларида ўсиш хатарлари сақланиб қолмоқда.
"Аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлмоқда. Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашди", дейилади хабарда.
Шу билан бирга, сўнгги тўрт ой давомида базавий инфляциянинг 7,0 фоиз атрофида сезиларли ўзгаришсиз шаклланаётгани, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар базавий инфляциясининг нисбатан юқори даражалари ҳамда чакана савдо ва хизматлар соҳасида тушумлар ҳажмларининг ошиб бораётгани иқтисодиётда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ялпи талабнинг барқарор ўсиш суръатлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик мавжуд инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора бермоқда. Иқтисодиётда иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиб бораётгани аҳоли даромадларини реал ҳисобда ошириб, юқори инвестицион фаоллик шароитида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор тенденцияларни намоён этиб, йил якунида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Аҳоли реал даромадларининг ошиши шароитида иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни самарали жиловлаш ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлашни, бу эса, ўз навбатида, пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Бундан ташқари, пул бозоридаги фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги даражалари пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий даражада шаклланаётганини кўрсатмоқда. Банк тизимидаги юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини оширмоқда. Кредитлаш суръатларининг мақбул даражада ўсиши ва депозитлар ўсишининг юқори суръатлари умумий талабни мувозанатлаштириб, инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтириши кутилмоқда.
"Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача барқарор пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларини етарлича қатъий даражада шаклланиши таъминлаб борилади. Бунда, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратилади", дейилади хабарда.
Иқтисодиётдаги жорий юқори талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда асосий ставка ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин. Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2025 йил 23 январга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни ҳам Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирганди.
LiveБарчаси