Эски 100 долларликни ҳеч қандай муаммосиз ишлатиш мумкин – Марказий банк
Жамият
−
20:04
1407Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги (2009 йилгача эмиссия қилинган) банкнотларни банклар томонидан сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ амалиётлар ҳеч қандай муаммоларсиз амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бирорта давлат ҳисоб-китобларида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган.
Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақириб, фақат расмий манбаларга таянишни тавсия этмоқда.
“Агар тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари томонидан эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларни қабул қилишда қийинчиликларга дуч келсангиз, Марказий банкнинг “Ишонч телефони” (71 200-00-44) ёки ҳудудий бошқармаларга мурожаат этишингиз мумкин”, дейилади хабарда.
Марказий банк бу борада вазиятни доимий равишда кузатиб боришини маълум қилган.
Шу билан бирга, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакат ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат маҳаллий банклар орқали амалга оширилиши эслатиб ўтилган.
LiveБарчаси