МБ икки банкни лицензиядан маҳрум қилди

Жамият

image

Марказий банк бошқарувининг бугун, 7 октябрдаги (22/1 ва 22/2-сонли) қарорларига асосан “Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банки ва “HI-TECH BANK” хусусий акциядорлик тижорат банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинди.

Туркистонбанк активлар ҳажми бўйича республика банк тизимида 26-ўринни, HI-TECH BANK эса 29-ўринни эгаллаган.

Ушбу икки банк “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54 ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этгани, хусусан:

•    банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захиранинг мавжуд эмаслиги;
•    регулятив капиталининг эллик фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрганлигини; 
•    банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;
•    бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилганлиги;
•    банк фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмаганлиги;
•    жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин ҳудди шундай қоидабузарликни такроран содир этилганлиги аниқланган.

Шу сабабли “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви лицензияни чақириб олиш ҳақидаги қарорларни қабул қилган.

Марказий банк бошқарувининг юқорида келтирилган қарорига асосан Туркистонбанк ва HI-TECH BANK’ни тугатиш комиссиялариси таркиби тайинланган ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга асосан банк ишларини бошқариш бўйича, шу жумладан, банк акциядорларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва бошқаруви ваколатлари ушбу комиссияга ўтган.

Омонатчи-жисмоний шахслар учун маълумот

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ аҳолининг банклардаги омонатлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ кафолатланганлиги муносабати билан Туркистонбанк ва HI-TECH BANK омонатчиларининг барча маблағлари, биринчи навбатда, 2 ойдан сўнг тўлиқ қайтарилади.

Аҳолига омонат маблағларини қайтариш Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан ушбу қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. 

Омонатларни қайтариш бўйича батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 71-200-00-44, 71-236-75-24 ишонч телефонлари орқали олишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк

Баҳолаганлар

291

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг