МБ асосий ставкани нега оширганини тушунтирди
Жамият
−
17 Март 2022
9490Аввалроқ Марказий банк бошқаруви Ўзбекистонда асосий ставкани 14 фоиздан 17 фоизга кўтаргани ҳақида хабар берган эдик. Регулятор бу қарорни изоҳлади.
Унга кўра, ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизга оширилган.
“Юзага келган вазиятда Марказий банк ички нархлар кескин ўсишининг олдини олиш, тўлов тизими узлуксизлиги ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида барча зарурий чораларни кўриб боради.
Ташқи иқтисодий шароитлар. Асосий савдо-ҳамкор давлатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларидаги кескин тебранишлар, жаҳон хомашё ва энергия бозорларида нархларнинг ўсиши макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқликлар ва хатарларни оширмоқда”, дейилади МБ шарҳида.
Қайд этилишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровлар уларнинг девальвацион кутилмаларида сезиларли ўсиш кузатилаётганлигини кўрсатган.
Айни пайтда мазкур омиллар турли каналлар орқали ички макроиқтисодий барқарорликка қисқа ва ўрта муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатади.
“Бунда қисқа муддатли таъсирлар экспортдан тушумлар ва мамлакатимизга пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ҳисобига ички валюта бозорида таклифнинг қисқаришида, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг қимматлашиши орқали ички нархларнинг ўзгаришида намоён бўлса, ўрта муддатли таъсирлар ташқи ва ички талабнинг қисқариши ҳисобига иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига тегишли босим кўрсатади”, дейилади регулятор изоҳида.
Макроиқтисодий ва таркибий ислоҳотлар борасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирларни амалга оширилиши ушбу салбий таъсирларни юмшатиш имконини беради.
LiveБарчаси