Май ойигача газ ва электр тарифлари оширилади
Жамият
−
01 Март
32113Ўзбекистонда нефть, газ ва электр энергетика соҳасида тариф ислоҳотлари амалга оширилади. Ислоҳот доирасида 2024 йилнинг май ойига қадар Ўзбекистонда электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ учун тарифларни таннархдан паст бўлмаган даражага ошириш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2024 йилга мўлжалланган давлат дастурида маълум қилинган.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси ва газ нархларини белгилашда “ижтимоий меъёр” тизими жорий этилади.
Ўтган йили Энергетика вазирлиги электр ва газ аҳолига ўз таннархидан паст қийматда етказиб берилаётгани, бир йилда ўртача 1,15 млрд доллар маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланаётганини маълум қилган эди.
“Демак, бир ойда ўртача 200 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.
Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади”, деган эди вазирлик.
Тарифларни таннархдан паст бўлмаган миқдорга ошириш учун Энергетика вазирлиги ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги масъул этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Энергетика вазирлиги QALAMPIR.UZ'га давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олсагина унинг нархи таннархидан оширилишини, нарх мўлжали 450-500 сўм бўлишини айтган эди.
Ҳозирда 1 кВт/соат электр нархи:
- аҳоли учун – 295 сўм;
- I ва II гуруҳ истеъмолчилари (Навоий КМК, Олмалиқ КМК, “Ўзметкомбинат” ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари) учун – 1000 сўм;
- бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун – 900 сўм.
1 кубометр табиий газ нархи:
- аҳоли учун – 380 сўм;
- Навоий КМК, Олмалиқ КМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотлари учун – 1800 сўм;
- бошқа юридик шахслар учун – 1500 сўм.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси