Май ойида Марказий Осиё ва Хитой раҳбарлари саммити бўлиб ўтади
Олам
−
08 Май 2023
3804Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта республикаси раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин маълум қилди.
Айтилишича, тадбир ўтказиладиган жой Хитой шимолида жойлашган Шенси провинциясидаги Сиан шаҳри бўлади. Хитой раҳбари Си Цзиньпин мезбонлик қиладиган саммитда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.
Мазкур саммит Хитой ва Марказий Осиё давлатлар ўртасида давлат раҳбарлари даражасидаги офлайн форматидаги илк учрашув бўлади. Хитой ва Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги биринчи учрашув 2020 йилда бўлиб ўтган. Кейин Ташқи ишлар вазирлари 2021 йил 12 май куни Хитойда ва 2022 йил 8 июнь куни Қозоғистонда учрашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 апрель куни Сиан шаҳрида Хитой ва Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтганди. Йиғилишда май ойида Сиан шаҳрида етакчилар саммитини ўтказишга қарор қилинди.
LiveБарчаси