Май апрелдан оғирроқ келадими? Инқироз бошландими? Сўз Қўчқоровга

Жамият

Коронавирус пандемияси ортидан келаётган инқироз 2008 йилги молиявий инқироздан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –  Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров “Hoshimov iqtisodiyoti” лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам дунё иқтисодиётидан ажралиб қолган, автономия ҳолатидаги иқтисодиёт эмас. Бизнинг ташқи савдо айланмаси бўйича кўрсаткичларимиз ЯИМда (ялпи ички маҳсулот) катта рақамларни ташкил этади. Шу сабабли, биз коронавирус таъсирини миллий иқтисодиётда сезмай иложимиз йўқ.

•    2019 йил ташқи савдо айланмаси – 42,2 миллиард доллар,
•    2019 йил ялпи ички маҳсулот – 58,3 миллиард доллар

Коронавирус пандемияси иқтисодиётимизга март ойининг ўрталаридан бошлаб таъсирини кўрсата бошлади. Бу касаллик Хитойда бошланганидан сўнг дейиш мумкин. Ўзи қўшилган қиймат занжири деган назария бор. Бизнинг бизнес вакилларига керак бўлган Хитойда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар карантин туфайли олиб келинмади. Лекин март ойида фақат маълум доирадагина сезилди. 

Ҳозирги вазият ҳеч қайси даврга ўхшамаган инқироз дейиш мумкин. Аввалари молиявий инқироз, талаб инқирози ёки банк инқирозига гувоҳи бўлганмиз. Ҳозирги вазиятда талаб ҳам, таклиф ҳам қийин ҳолатда. Чунки ҳозир бор нарсани ҳам сотиб ололмаймиз. Бу 2008 йилги молиявий инқирозга ҳам, 1997 йилги қарз инқирозига ҳам ўхшамайди. Бу инқирозлар бугунги инқироз олдида чекланган ва кичкина инқироз бўлиб кўринмоқда”, дейди Қўчқоров.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири карантин сабаб зарар кўраётган айрим соҳалар ҳақида гапирди.  

“Март ойидан карантин билан боғлиқ чоралар қўлланила бошлади. Албатта, бу иқтисодиётга ўзининг таъсирини кўрсата бошлади. Энди ЯИМнинг биринчи чораги бўйича кўрсаткичларимиз ҳозирча бизда йўқ. Лекин бизнинг кутаётган кўрсаткичимиз 4,5 фоиз ўсиш атрофида. Энди бу ўтган йили ноябрь ёки декабрь ойларидаги режаларимиздан пастроқ, албатта. 

Минг афсуски, биз иккинчи чоракда кутаётган рақамларимиз бундан оғирроқ. Бизнинг фикримизча, иккинчи чорак энг мураккаби бўлади. Чунки апрель ойи карантин жуда қатъийлашган пайтга тўғри келмоқда. Май ойи ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Мисол учун, апрель ойида ёқилғи қуйиш ва метан газ қуйиш шохобчаларида реализация қилиш икки баробарга тушиб кетган. 

Умумий овқатланиш жойлари, ресторанлар, сартарошхоналар ёки кийим-кечак сотиш жойларининг ишламаслиги бизнинг иқтисодиётга қаттиқ таъсирини кўрсатади. Чунки бизда ЯИМнинг 1/3 қисми хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади. 

Саноатнинг 6,5 фоизга ўсишини кутаётган эдик. Энди бу қандай кўрсаткичларга эга бўлади, бу карантин ва пандемиянинг қанча чўзилишига боғлиқ”, дейди Бош вазир ўринбосари.
 


Мақола муаллифи

Теглар

инқироз Жамшид Қўчқоров карантин

Баҳолаганлар

380

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг