Масжидларда ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш берилди 

Олам

image

Покистон чегараларидаги масжидларда эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар ҳақида огоҳлантиришлар берилгач, минглаб одамлар мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлган. Ушбу ҳолат Покистон ва Афғонистон чегарасида узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган кескинликлар фонида юз бермоқда. Бу ҳақда бугун, 31 январь куни “Араб news Pokiston” хабар берди.

Қайд этилишича, Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Тираҳ водийси аҳолиси кучли қор ёғиши ва қаҳратон совуққа қарамай, эҳтимолий жанглардан қочиш мақсадида уй-жойларини тарк этган. Маҳаллий расмийлар минглаб оилалар ҳудуддан чиқиб кетганини ва улар яқин шаҳарларда ёрдам олиш учун рўйхатдан ўтаётганини маълум қилган. Аҳоли эса мажбурликдан уйларини тарк этаётганини билдирган. 

“Совуқ туфайли ҳеч ким кетмади. Йиллар давомида қор ёғиб келган, биз у ерда бутун умр яшадик. Одамлар масжидлардаги эълонлар сабаб кетди”, деди Барага йўл олганлардан бири.

Тираҳ водийси узоқ йиллардан буён хавфсизлик жиҳатидан нозик ҳудуд ҳисобланади. Мазкур минтақа Покистон хавфсизлик кучларига ҳужумлар уюштириб келаётган “Tehrik-e-Tolibon Pokiston” жангари гуруҳи таянч нуқталаридан бири сифатида тилга олинади.

Шу йилнинг 27 январь куни Покистон Мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф Тираҳда ҳарбий операция режалаштирилгани ёки олиб борилаётганини инкор этиб, аҳоли кўчишини қаттиқ қиш шароитлари билан боғлиқ одатий мавсумий миграция, деб атади. Бироқ масаладан хабардор ҳарбий манбага кўра, кўчириш жараёни бир неча ой давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг амалга оширилган.

Манбанинг билдиришича, қабила оқсоқоллари, туман маъмурияти ва хавфсизлик идоралари иштирокида олиб борилган муҳокамалар чоғида Тираҳда тинч аҳоли орасида фаолият юритаётган ва аҳолига босим ўтказаётган жангарилар мавжудлиги аниқлаган. Шу сабабли “мақсадли разведкага асосланган операциялар” давомида тинч аҳолига зарар етказмаслик учун вақтинча ҳудудни тарк этиш тавсия қилинган.

Айни пайтда Покистон армиясининг ахборот хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Хайбер-Пахтунхва вилояти ҳукумати ушбу масала юзасидан берилган расмий сўровларга жавоб бермаган.

Шунингдек, ҳудуднинг тоғли рельефи ва оғир қиш шароитлари сабаб кенг кўламли ҳарбий ҳужум режалаштирилмагани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” 2025 йилда Афғонистон умумий бюджетининг 49 фоизини хавфсизлик учун сарфлагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Масжид Покистон ҳарбий ҳаракат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг