Маск Ер юзидаги “энг ақлли сунъий интеллект”ни тақдим этди

Технология

image

Миллиардер Илон Маск xAI компанияси томонидан ишлаб чиқилган Ер юзидаги “энг ақлли сунъий интеллект” – Grok 3’ни тақдим этди. Бу ҳақда у ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.

Тақдимот чоғида ишлаб чиқувчилар Grok 3 аввалги Grok 2’дан 10 баравар ақллироқ эканлигини таъкидлаган. Синовларда янги версия математика, код ёзиш ва илмий тадқиқотлар бўйича GPT-4o, Claude 3.5 Sonnet, Gemini-2 Pro ва DeepSeek-V3 каби моделларни ортда қолдирган.

Илон Маск ва дастурчилар Grok 3 илғор мулоҳаза юритиш қобилиятига эга бўлиб, доимий равишда такомиллашиб боришини айтган. Тақдимотда Grok 3 техник тафсилотлари билан бирга Марсга парвоз ва Ерга қайтиш учун қулай вақт ойнасини ҳисоблаб чиққан. Маскнинг таъкидлашича, Grok 3 Colossus гигакомпютерида 200 мингта Nvidia H100 чиплари ёрдамида “ўқитилган”. 

Grok 3’да DeepSearch опцияси ҳам мавжуд. Сунъий интеллект ҳар қандай қидирув сўровини қабул қилиб, интернетдаги барча очиқ маълумотларни таҳлил қилади ва чатда аниқ ва тўғри жавоб беради. Агар аниқ жавоб мавжуд бўлмаса, Grok 3 ҳар қандай нарса ҳақида аниқ тахмин қилади: келгуси йил учун об-ҳаво прогнозидан тортиб, фойдаланувчининг севимли ўйинининг янги янгиланишидаги энг яхши тузилишгача.

Бундан ташқари, у ўйинларни реал вақт режимида яратиш қобилиятига эга. Тақдимот давомида модель Tetris ва “учлик қатор” (Three-in-a-row) жанрларини бирлаштирган ўйин ишлаб чиққан. Маскнинг фикрича, бу деярли сунъий интеллектга асосланган ўйин студияси ҳисобланади. 

xAI компаниясининг маълум қилишича, Grok 3 ҳали ҳам бета-синов босқичида бўлиб, ўзининг мулоҳаза юритиш моделини ривожлантиришда давом этмоқда. Шунингдек, тақдимот олдидан режалаштирилган овозли режим барқарор ишламагани сабабли вақтинча ўчириб қўйилган, аммо тахминан бир ҳафта ичида ишга туширилиши мумкин.

Grok 3 аллақачон Х ижтимоий тармоғининг Premium+ обуначиларига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск моделнинг тақдимоти ҳақида эълон қилган эди. Унга кўра, Grok 3 жуда кучли мантиқий фикрлаш қобилиятига эга бўлиб, барча мавжуд моделлардан устун ва Ер юзидаги энг ақлли сунъий интеллект бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Илон Маск сунъий интеллект xAI AI Grok 3

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг