Маск X белгисидан воз кечиш билан бирга жарима ҳам тўлайди
Олам
−
01 Август 2023
6876Илгари Twitter номи билан танилган Илон Маскнинг Х компанияси бош қароргоҳи томига рухсатсиз милтилловчи Х белгисини ўрнатгани учун Сан-Франциско ҳукумати томонидан жаримага тортилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
28 июль куни компаниянинг ребрендинги доирасида ўрнатилган ушбу белги ҳафта охирига қадар 24 та шикоятга сабаб бўлди.
Шунингдек, Сан-Франциско маъмурлари фирманинг белги учун рухсати йўқлигини аниқлаган. Натижада у душанба куни олиб ташланди.
Расмийларнинг сўзларига кўра, компания қурилиш инспекцияси ва режалаштириш бўлимининг текшируви харажатларини ҳам қоплаши керак.
Офис томидаги Х белгисидан воз кечган компания ҳозирча фақатгина кичик ўзгаришлар билан чегараланишга мажбур бўляпти. Жумладан, платформанинг иш ойнаси ва мобил версияларидаги кўк қуш ўрнини Х белгиси эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Компания Х белгисини жуда ёрқин қилиб ўрнатгани учун бинога яқин жойда яшовчи одамларнинг норозилигига сабаб бўлган.