Машиналарга экостикерлар бериш яна орқага сурилди

Жамият

image
Биржада АI-80 бензини сотуви тўхтатилди north_east

Биржада АI-80 бензини сотуви тўхтатилди

Автомобиллардан атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш бўйича “Экологик транспорт” тизимини жорий этиш муддати 2026 йил 1 январга қадар ўзгартирилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 4 сентябрь куни қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Ушбу қарорга кўра, аввал 2024 йилдан бошланиши режалаштирилган “Экологик транспорт” тизими навбатдаги кечиктиришдан сўнг, 2026 йилнинг 1 январидан жорий этилади. Дастурнинг мақсади – автомобиллардан чиқаётган ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш ва экологик назоратни кучайтиришдан иборат.

Тизим босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи босқич 2025-2027 йилларда Тошкент шаҳрида, иккинчиси 2028-2030 йилларда Нукус ва вилоят марказларида ҳамда заруратга кўра, сайёҳлик марказлари, табиат қўриқхоналари ва соғломлаштириш масканларида татбиқ этилади. Учинчи босқич эса 2031-2034 йилларда бутун мамлакат ҳудудларига тарқатилади.

Экологик меъёрларга мувофиқликни баҳолашда ишлаб чиқарувчининг “Евро” стандарти бўйича маълумотлари асос қилинади. Агар транспорт воситасининг экологик синфи аниқланмаса, у Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги махсус марказда диагностикадан ўтказилади. 

Ташланмаларнинг зарарлилик даражасига қараб автомобилларга яшил, сариқ ёки қизил стикер берилади:

  • Яшил стикер – экологик меъёрларга тўлиқ жавоб берувчиларга;
  • сариқ стикер – ўрта даражада ифлослантирувчи воситаларга;
  • қизил стикер – юқори даражада зарарли чиқиндиларга эга автомобилларга берилади.

Эслатиб ўтамиз, тизим аслида 2024 йилнинг 1 июнидан иш бошлаши керак эди, бироқ расмийлар унинг бошланишини тўққиз ойга, 2025 йил 1 мартга қолдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Автомобил экостикер Экологик транспорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг