Машҳур мусиқий альбомлар сабабли ўлимли автоҳалокатлар кўпайган – тадқиқот

Олам

image

Янги тадқиқотга кўра, машҳур мусиқий альбомлар чиқарилган кунларда АҚШда йўл-транспорт ҳодисаларидаги ўлимлар сони одатдагидан 15,1 фоизга кўпроқ бўлган. Олимлар бу ҳолатни ҳайдовчиларнинг смартфон орқали янги мусиқаларни қидириши ва шу орқали диққатининг йўлдан чалғиши билан боғлиқлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Тадқиқотчилар 2017–2022 йилларда энг кўп тингланган 10 та альбомнинг чиқарилган саналарини таҳлил қилган. Улар орасида Тейлор Свифтнинг “Midnights”, Дрейкнинг “Scorpion” ва Гарри Стайлснинг “Harry’s House” альбомлари ҳам бор.

Маълум бўлишича, ушбу альбомлар чиққан кунларда АҚШда энг кўп тингланган 200 та қўшиқнинг стриминг ҳажми атрофдаги кунларга нисбатан 43 фоизга ошган.

Олимлар 233 809 та ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси маълумотларини ўрганиб, альбомлар чиққан кунларда хавфга мослаштирилган ўртача ўлимлар сони 139,1 тани, атрофдаги кунларда эса 120,9 тани ташкил этганини аниқлаган. Бу бир кунда ўртача 18,2 та қўшимча ўлим, нисбий ҳисобда эса 15,1 фоизлик ўсиш дегани.

Тадқиқот муаллифлари ҳайдовчи янги альбомни қидираётганда телефонни қулфдан чиқариши, мусиқа иловасини очиши, альбом ёки қўшиқни топиши ва уни танлашига тўғри келишини таъкидлаган. Бу жараён эса бир неча сония давомида ҳайдовчининг диққатини йўлдан чалғитиши мумкин.

Ўлим билан якунланган ҳодисалардаги ўсиш айниқса ёш ҳайдовчилар, эркаклар, ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳамда мультимедиа тизими ўрнатилган автомобилларда юқорироқ бўлган.

Шу билан бирга, олимлар тадқиқот смартфондан фойдаланиш ҳар бир ҳалокатга бевосита сабаб бўлганини исботламаслигини қайд этган. Яъни натижалар альбом релизи, мусиқа стриминги ва йўлдаги ўлимлар ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади.

Тадқиқот муаллифлари ҳайдовчиларга ҳаракатни бошлашдан олдин мусиқани танлаб, телефонни четга қўйишни тавсия қилган. Улар, айниқса, автомобиль салонида йўловчи бўлса, мусиқани бошқаришни унга топшириш хавфни камайтириши мумкинлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадқиқотлар Италия дунёдаги энг агрессив ҳайдовчилар яшайдиган мамлакат ҳисобланиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг