Маршал Дўстум Афғонистонга қайтиб, “Толибон”ни яксон қилишини айтди (видео)

Олам

image

Афғонистон давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек аслли Маршал Абдулрашид Дўстум Туркия пойтахти Анқарада Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилган йиғилишда “Толибон” ҳукуматига таҳдид қилди. Бу ҳақда “Afghanistan International” нашри хабар берди.

Дўстум Афғонистонни амалда бошқараётган гуруҳни мамлакатни тарк этишга чақириб, акс ҳолда 2001 йил декабрь ойида унга содиқ кучлар томонидан ўлдирилган 2000 нафаргача “Толибон” аскарининг тақдири яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлаган. У тарихда “Дашти-Лайли қирғини” номи билан ёдда қолган воқеа бу сафар янада кенг кўламда содир бўлиши мумкинлигини урғулаган. Қолаверса, генерал бу сафар “Толибон”нинг қочиш учун ҳеч қандай йўли қолмагани ва улар танлайдиган ҳар қандай йўл мухолифлар қўлида бўлишини билдирган. 

“Эртага яна бизни айблаб, Дашти-Лайлида нима бўлди? демасинлар. Ҳозир на Трамп, на Путин ва на Афғонистон қўшнилари “Толибон”га ишоняпти. Халқ ишончи комил бўлсин – “Толибон” қандай келган бўлса, шундай кетади. Бу ҳазил эмас”, деган у.

Маълумки, 2001 йилда “Толибон”нинг биринчи ҳукмронлиги тугаши арафасида, уларнинг катта гуруҳи Жузжон вилоятидаги Шибирғон шаҳри яқинида жойлашган Дашти-Лайлида ҳаво ўтказмайдиган металл идишларда ўққа тутилган ёки бўғиб ўлдирилган ва оммавий қабрларга кўмилган. 2021 йилда “Толибон” яна ҳокимиятга келгач, қурбонлар ётган оммавий қабрлар атрофига девор қуриб, мақбара барпо этди.

Шунингдек, Дўстум “Панжшер арслони” сифатида танилган марҳум сиёсий арбоб Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли – Миллий қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъудга мурожаат қилиб, унинг “Толибон”га қарши сиёсий ва ҳарбий фаолиятини қўллаб-қувватлашини билдирган. У қийинчиликлар сабабли чарчамаслик ва умидсизликка тушмаслик зарурлигини таъкидлаган.

“Биз сиёсий кучи ва тўлиқ ҳарбий салоҳиятимиз билан Миллий Қаршилик Жабҳасининг ёнидамиз”, деган Дўстум.

Мазкур ҳолат юзасидан “Толибон”нинг эзгулик вазирлиги матбуот котиби баёнот бериб, мухолифат етакчиларининг таҳдидларини “сафсата” деб атади.

“Мухолифат етакчиларининг, жумладан, Маршал Дўстумнинг таҳдидлари – бу фақат оммавий ахборот воситалари учун айтилган бўш гаплар. Улар “Толибон”га қарши аниқ ғоя ёки дастурга эга эмаслар”, деб ёзди Сайфулислам Хайбар ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда ҳам Маршал Дўстум Дашти-Лайли воқеаларини такрорлаш ниятида экани айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

толибон Аҳмад Масъуд Абдулрашид Дўстум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг