Маршал Дўстум Дашти-Лайли воқеаларини такрорламоқчи – ОАВ
Олам
−
23 Декабрь 2021
22952Афғонистондаги энг обрўли шахслардан бири Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг мамлакатдан қочиб кетганидан кейинги биринчи сурати эълон қилинди. Бу ҳақда “Sputnik” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ушбу суратни ҳозирда Қаршилик кўрсатиш Олий Кенгашида Маршал билан бирга бўлган ҳазоралар жамияти етакчиси Муҳаммад Моҳакек ўз саҳифасига жойлаган. Сурат Анқарада олингани тахмин қилинмоқда.
“Aamaj News” нашрининг маълум қилишича, Маршал Дўстум Дашти-Лайли воқеаларини такрорлаш ниятида. Таъкидланишича, Маршал Анқарада “Афғонистон миллий исломий ҳаракати” қўмондонлари тарафдорлари билан учрашувда шундай баёнот берган.
Маълумот ўрнида, 2001 йилнинг декабрь ойида Афғонистоннинг Жузжон вилоятидаги Дашти-Лайли чўлида қирғин содир бўлган. Турли манбаларга кўра, ўша пайт Дўстум қўмондонлиги остидаги кучлар томонидан асир тушган минглаб толиблар ўлдирилган. Улар ҳаво ўтказмайдиган металл идишларда ўққа тутилган ёки бўғиб ўлдирилган. Бу бир гуруҳ маҳбуслар томонидан кўтарилган қўзғолондан кейин содир бўлган. Дўстум ушбу ҳодиса учун жавобгарлигини тан олмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 августида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимият ўрнатганидан сўнг, Маршал Дўстум мамлакатни тарк этди. Кейинчалик ОАВда Дўстум Ўзбекистонга қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хабарларни рад этди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, маршал ҳозир Туркияда.
Айтиш жоизки, сўнгги бор, Балх вилоятининг собиқ губернатори Ато Муҳаммадий Нурнинг ўғли Дўстум бошчилигида янги фронт тузилишини маълум қилганди.
LiveБарчаси