Марказий Осиё тарихнинг четида эмас – Мирзиёев
Жамият
−
01 Апрель
4753Сўнгги йилларда Марказий Осиё тубдан ўзгариб, конструктив мулоқот, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанддаги “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммити олдидан “Euronews” берган эксклюзив интервьюсида сўз очди.
“Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу бир қатор омиллар билан боғлиқ. Биринчидан, бугунги дунё сиёсати харитасига назар ташласак, қуролли низолар, зиддиятлар ва зўравонлик авж олаётган ҳолатларнинг аксарияти айнан қўшни давлатлар ўртасида юз бераётганини кўрамиз. Бу ҳолат Яқин Шарқ, постсовет макони, Жанубий Осиё, Африка ва бошқа минтақалар учун ҳам хос.
Афсуски, Марказий Осиё ҳам бундай ҳолатлардан мустасно бўлмаган. Турли даврларда бу ерда қуролли тўқнашувлар содир бўлган, чегара масалалари, сув-энергетика муаммолари, транспорт ва алоқа соҳасидаги мураккабликлар, хавфсизликка оид таҳдидлар вазиятни оғирлаштирган. Бу эса узоқ давом эта олмасди. Ихтилофлар кучайди, келишмовчиликлар чуқурлашди ва юзага келаётган мураккаб вазият минтақанинг хавфсизлигига жиддий таҳдид сола бошлади”, деди Мирзиёев.
Президент шундай реал ҳолатни англаб етиб, Марказий Осиёда конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этиш бўйича стратегик қарор қабул қилинганини билдирди. Унинг айтишича, бу ёндашувнинг замирида ўзаро ишонч ва ҳурмат, умумий манфаатларни ҳисобга олиш ва тан олиш ётади.
“Сўнгги йилларда Марказий Осиё тубдан ўзгарди, янги қиёфа касб этди — конструктив мулоқот, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айланди. Бу эса мамлакатларимиз етакчиларининг умумий сиёсий иродаси туфайли амалга ошди. Бугун биз бу жараённинг ортга қайтмаслиги ҳақида ишонч билан айта оламиз.
2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси билан чиққанида, биз оддий, бироқ муҳим ғоядан келиб чиққан эдик: агар биз ўзаро ишонч ва очиқ мулоқотни ўзимиз бошламасак, ҳеч қандай ташқи ҳамкорлар минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаб беролмайди. Бу жараён ўз самарасини кўрсатди. Бугун энг мураккаб масалаларни музокаралар орқали ҳал этмоқдамиз, қўшма ташаббусларни мувофиқлаштиряпмиз ва олдинга дадил қадам ташлаяпмиз”, деди Президент.
Мирзиёевнинг қайд этишича, жорий йилда Тошкентда Марказий Осиё етакчиларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Бундай йиғилишларда нафақат кун тартибини муҳокама қилинмоқда, балки минтақа қиёфасини ўзгартирувчи аниқ қарорларни қабул қилинмоқда.
“Яқин орадаги ёрқин мисол — Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегарасини делимитация қилиш масаласининг узил-кесил ҳал этилиши бўлди. Бу — томонларнинг йиллар давомидаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган муваффақиятдир”, деди Ўзбекистон Президенти.
Шунингдек, у савдо алоқаларини рағбатлантириш учун чегараолди савдо ҳудудлари ташкил этилаётгани, қўшма инвестиция жамғармалари ишга туширилаётгани, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга оширилаётганини билдирди.
“Марказий Осиё глобал транспорт занжирларининг муҳим бўғинига айланмоқда. Биз Транскаспий ва Трансафғон транспорт йўлакларини фаол ривожлантиряпмиз — бу мамлакатларимизнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади”, деди Президент.
Мирзиёев Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланаётганини қайд этди. Сиёсий ирода, юқори даражадаги ўзаро ишонч ва қўшма иқтисодий ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратганини қўшимча қилди.
“Марказий Осиё бешлигида Ўзбекистоннинг раислиги даврида биз қуйидаги учта устувор йўналишга алоҳида эътибор қаратамиз: минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш.
Олдимизда минтақамизни нафақат барқарор, балки фаровон қилиш учун тарихий имконият турибди. Ишонч билан айта оламанки, биз бу салоҳиятни биргаликда рўёбга чиқаришга қодирмиз”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитидан нималар кутаётганини айтганди.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель