Марказий Осиё халқлари Олимпиадада бир-бирини қандай қўллади?
Спорт
−
12 Август
14245Айни пайтда Парижда бўлиб ўтаётган ёзги Олимпия ўйинлари кўплаб ютуқ ва мағлубиятлар, шунингдек, кутилмаган ҳолатларга бой бўлиб ўтмоқда. Ушбу Олимпиада мусобақаларида Марказий Осиё давлатларидан ҳам кўплаб спортчилар иштирок этмоқда. Масалан, Тожикистондан 14 нафар, Туркманистонда 6 нафар, Қирғизистондан 16 нафар, Қозоғистондан 79 нафар ва Ўзбекистондан 86 нафар. Беллашувларнинг яна бир ўзига хос томони эса Марказий Осиё халқларининг бир-бирини қўллаб-қувватланаётганидир. Ижтимоий тармоқларда бу кенг муҳокама қилиниб, ижобий эътирофларга сабаб бўлмоқда. QALAMPIR.UZ худди шундай қўллов ҳолатларини бир жойга тўплади.
Мураббийсиз қолган қирғизистонлик боксчига ўзбек мураббийи секундантлик қилди
4 августга ўтар кечаси қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли америкалик Ҳарвей Жаҳмалга қарши чорак финал жангини ўтказиб, ярим финалга чиқди.
Хабар берилишича, Мунарбекнинг шахсий мураббийи Беганас Султанбаев аккредитация муаммолари сабаб Парижга бора олмаган.
Шу сабабли жанг давомида унга Ўзбекистон делегациясидан борган мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилди. Ўзбекистонлик мураббий жангдаги танаффус давомида Мунарбекнинг юзига сув сепиб турган ва унга жанг усуллари ҳақида керакли маслаҳатлар берган.
Ушбу ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг илиқ фикрлари билан кутиб олинди.
Акмал Ҳасанов журналистларга берган интервьюсида бу ҳолатни изоҳлаб, Мунарбекнинг ғалабасидан кўзига ёш олганини айтган.
Қирғизистонлик интернет фойдаланувчилари ҳам ўзбек мураббийи бу ҳаракати билан бутун дунёга Марказий Осиё бирдамлигини кўрсатиб қўйганини таъкидлаган.
Маълумот учун, ушбу жангда Мунарбек Сейитбек ўғли ярим финалга чиқди. У кейинги жангини 9 августда болгариялик Ҳавиер Ибанез Диазга қарши ўтказади. Агар Мунарбек шу беллашувда рақибини енгса, финалда ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Ҳалоков билан тўқнаш келади.
Менинг ютуғим фақат Ўзбекистонники эмас, бутун Марказий Осиёникидир – Диёра Келдиёрова
28 июль куни 52 кг вазн тоифасида япониялик рақибини мағлуб этиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Диёра Келдиёрованинг видеолари барча ижтимоий тармоқ саҳифаларида оммалашиб кетди. Айнан шу видеолар изоҳида эса барча Марказий Осиё давлатлари вакиллари ўзбекистонлик спортчини фаол табриклади.
Келдиёрованинг ғалабаси акс этган видеолар “Ўзбек биродарлар, олтин қутлуғ бўлсин! Олға!”, деган мазмундаги изоҳлар билан тўлиб кетган.
Шунингдек, қирғизистонлик саёҳатчи блогер Келдиёрова билан учрашиб, уни жонли табриклаган.
“Ўзбекнинг шундай олтин қизлари бор. Қирғизистонга ҳам олтин медаллар насиб этсин. Бутун қирғиз халқи сизнинг ютуғингиздан қувонди”, деган у.
Бунга жавобан Диёра шундай деган:
“Ушбу ютуқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатларининг ғалабаси. Қўллаб-қувватлаганингиз учун ҳаммангизга раҳмат!” дея таъкидлаган.
Дўсматовдан енгилса ҳам, хафа бўлмаган қозоғистонлик боксчи
Ярим финал босқичида ўзининг доимий рақиби қозоғистонлик Сакен Бибоссинов билан рингга кўтарилган Ҳасанбой Дўстматов 4:1 ҳисобда уни мағлубиятга учратди. Аммо қозоғистонлик мухлислар бундан сира хафа бўлмаганини исботлашди. Улар Дўстматовни самимий табриклаб, унинг ютуғи Қозоғистонни ҳам қувонтиришини билдирган. Жангдан сўнг ҳатто Сакеннинг ўзи мағлуб бўлишига қарамай, Ҳасанбойни қучиб, самимий табриклаб қўйди.
“Олға, бовурим!” Қозоғистонлик боксчига мухлис ўзбекистонлик мураббийлар!
8 август куни 80 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги финал баҳсида қозоғистонлик боксчи Нурбек Оралбай украиналик Александр Хижнякка қарши рингга кўтарилди.
Томошабинлар қаторида эса Қозоғистон байроғини кўтарган кўплаб ўзбекистонликларнинг “Қозоғистон, олға!”, “Олға, бовурим!”деган баралла овози эшитилиб турди.
Масалан, ўзбекистонлик мухлислар қаторида бокс бўйича мураббий Тўлқинбек Қиличев, Раҳматжон Рўзиохунов ҳамда чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов бор бўлиб, улар “Олға, Нурбек!”дея унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб турди. Ҳолат акс этган видео Тўлқинбек Қиличев ўзининг Instagram саҳифасида бўлишди.
Аммо жангда Александр Хижняк Олимпиада чемпиони бўлди, Нурбек Оралбай эса Париждаги Олимпиададаги чиқишини кумуш медаль билан якунлади. Ўзбекистонлик мухлислар эса уни қўллашда давом этиб, уни қарсаклар билан сийлади.
“Яшайверсин, ўзбегим!” Ўзбекистонга аталган қозоқча қўшиқ
Қозоғистонлик оқин Бек Шимат 9 август куни бирваракайига иккита олтин медални Ўзбекистон ҳисобига ёзиб қўйган боксчи Ҳасанбой Дўсматов ҳамда таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга атаб қўшиқ айтди.
Унда шундай дейилган:
“Икки олтин медал енгган бир кунда
Ўзбекларни қутламаслик мумкинми?
Рашидов ва Дўсматов
Бир-бир олтин ушлатиб
Қўш чемпион бўлган ахир бир кунда
Қўр, уларга биз қозоқлар яқинмиз
Олтинига табрик айтаётирмиз
Абе Утани қулатган
Ва ингратиб йиғлатган
Келдиёрова Диёрадай ботир қиз!
Беш боксчи бу финалга келётир
Рақибининг бари таёқ еётир
Тарихдаги Мангуберди
Жалоловга ишониб,
Икки карра чемпион бўлар деётир”.
Кутилганидек, унинг қўшиғига ўзбекистонликлар раҳмат айтиб изоҳлар ёзишган.
Бек Шимат ўзининг оқинлари билан қўшни мамлакат спортчиларини доимий равишда қўллаб келмоқда. Бир муддат аввал у қирғиз спортчилари учун ҳам ашула айтиб, табриклаган эди. “Қўш медалинг қутлуғ бўлсин, қирғизим!” деган у қўшиғида.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Остонадаги учрашувида Президент Шавкат Мирзиёевни ўзбекистонлик спортчилар – таэквондочи Улуғбек Рашидов ҳамда боксчи Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпиададаги натижаси билан табриклади. Ҳаттоки Тўқаев шахсан Ҳасанбой Дўсматовга мухлислик қилган.
Малика Норбекова
LiveБарчаси