Марказий Осиё давлатлари Италия билан биринчи марта саммит ўтказади

Олам

image

30 май куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирокидаги биринчи саммит бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Шу куни Италия ҳукумати раҳбари Қозоғистонга расмий ташриф билан боради.

Мелони аввалига 25-27 апрель кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга, кейин эса Қозоғистонга боришни режалаштирган эди. Бироқ 21 апрель куни Рим папаси Францискнинг вафоти ва ундан кейинги мотам тадбирлари туфайли ташрифлар қолдирилди. Мелони 28-29 май кунлари Самарқандда бўлади.

Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё “бешлиги” – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг бошқа давлат раҳбари билан учрашадиган форматдаги саммитлари бир неча йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Бу каби тадбирлар Ташқи ишлар вазирликлари ёки бошқа идоралар раҳбарлари иштирокида ҳам ўтказилмоқда.

Бу йил ёзда Остона “Марказий Осиё – Хитой”, кузда эса Душанбе “Марказий Осиё-Россия” саммитига мезбонлик қилишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтганди. Унда Марказий Осиё давлатлари етакчилари ҳамда Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо қатнашди. Саммит натижасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Европа Иттифоқи Марказий Осиёга 12 млрд евролик инвестиция киритадиган бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Италия Марказий Осиё Жоржия Мелони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг