Марказий банк асосий ставкани 14% этиб белгилади

Жамият

image

Бугун, 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди. Бу ҳақда Марказий банк Матбуот хизмати хабар берди.

“Иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтганлиги кузатила бошлади. Айни пайтда, қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставканинг ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради.

Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлайди.   

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача бироз пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда. Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикага ўтганлиги кузатилмоқда.

Қайд этилишича, мавсумий ва маъмурий таъсирга эга бўлган айрим товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини инобатга олмасдан ҳисобланган базавий инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг иккинчи чорагидан бошланган ўсиб бориш тренди жорий йил бошидан пасайиш тенденциясига ўзгариб, декабрдаги 13,8 фоиздан январда 13,3 фоизгача ва февралда 13,2 фоизгача секинлашди.

Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январь натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайганлигини кузатилди, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратади.

Ташқи иқтисодий шароитларда маълум даражадаги хатарлар ва ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Февраль ойида глобал инфляция, асосан, энергетика ва озиқ-овқат секторидаги нархларнинг пасайиши таъсирида секинлашишда давом этди.  

Етакчи марказий банкларнинг инфляцияни пасайтириш бўйича қатъий позициялари билан бир қаторда, халқаро банк соҳасида кузатилаётган вазиятлар фонида хавфсиз активларга бўлган талабнинг ошиши, молия ва хомашё бозорларидаги тебранувчанликни оширмоқда.

Жаҳон озиқ-овқат бозорларида шаклланаётган нархлар ва кутилмалар, Ўзбекистонга импорт қилинадиган товарлар бўйича қулай шароитлар юзага келишига асосларни яратмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат гуруҳларида импорт инфляциясининг оширувчи таъсирларини жиловловчи омил бўлиб хизмат қилади. 

Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-февраль ойларида ички иқтисодий шароитларда қисқа муддатли хатарлар таъсири қисман намоён бўлди. Январь ойи якуни бўйича чакана савдо, саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари ўсиш суръатларида секинлашиш кузатилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани билан, ушбу соҳадаги ўсиш суръатлари бошқа соҳалардан юқори бўлмоқда. Хатарларнинг вақтинчалик хусусияти ва ўз вақтида кўрилган чораларни ҳисобга олганда, биринчи ярим йиллик якунига бориб иқтисодий фаолликнинг мувозанатлашуви ва тармоқ кўрсаткичларининг тикланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки ойларида монетар шароитлар индекси реал самарали алмашув курси ва реал фоиз ставкалар динамикаси ҳисобига нисбатан қатъий фазада шаклланди.

Пул бозорида Uzonia ставкаси ўзгаришларсиз 14 фоиз даражасида шаклланаётган бўлсада, операциялар ҳажмининг сезиларли даражада ошиб бориши, банклар томонидан қисқа муддатли ресурсларнинг қайта тақсимланишида ушбу бозорнинг аҳамияти ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда.  

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 27 апрелга белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг