“Манчестер Сити”нинг собиқ мураббийи 76 ёшда вафот этди
Спорт
−
26 Август
4294Англия терма жамоасининг собиқ мураббийи ва кўплаб клублардаги фаолияти билан машҳур бўлган швециялик Свен-Йоран Эрикссон 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Eurosport” хабар берди.
Эрикссон анча йиллардан буён ошқозон саратони билан курашиб келган. Жорий йилнинг январь ойида эса шифокорлар унга 1 йил умри қолганини маълум қилган.
Марҳум мураббий ўлимидан олдин мактуб ёзиб қолдирар экан, мактубда қуйидагиларни келтирган:
“Яхши ҳаёт кечирдим. Ҳаммамиз ўлим яқинлашиши билан қўрқамиз, лекин, ҳаёт – бу ўлим ҳам демакдир. Биз уни борича қабул қилишни ўрганишимиз керак. Сиз мени қўлидан келган барча ишни қилишга уринган самимий инсон сифатида эслаб қоласиз, деб умид қиламан. Хафа бўлманг, табассум қилинг. Ҳаммаси учун раҳмат, мураббийлар, футболчилар, мухлислар. Ҳаммаси ажойиб ўтди. Ўзингиз ва ҳаётингиз учун ғамхўрлик қилинг ва унда яшанг. Хайр!”
Эрикссоннинг фарзандлари Лина ва Йохан эса отасининг вафотига шундай деган:
“Отамиз бугун эрталаб Сунне аҳоли яшаш пункти ташқарисида Бёркефорсдаги уйида тинч ухлаб қолди. У узоқ вақтдан бери саратон касаллиги билан курашди, аммо у энди орамизда йўқ”.
Маълумот учун, марҳум мураббий 1948 йилнинг 5 февраль куни Швецияда туғилган. Фаолияти давомида “Бенфика”, “Рома”, “Манчестер Сити” каби 10 дан ортиқ клублар ва Англия, Мексика терма жамоаларини бошқарган. 2001 йилда Эрикссон Англия терма жамоасини бошқарган биринчи британиялик бўлмаган мураббийга айланди ва уларни 3 та йирик турнирнинг чорак финалига олиб чиқди. У мураббийлик даврида Англиянинг жаҳон рейтингини 17-ўриндан 5-ўринга кўтарди, унинг ғалабаси эса уни Англия терма жамоаси мураббийлари учун барча вақтлар рейтингида 6-ўринга чиқарди. У мураббий сифатида кўплаб клубларни бошқарган бўлса ҳам, оддий мухлис сифатида Эрикссон “Ливерпуль”га фанатлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентинани жаҳон чемпиони қилган мураббий вафот этганди. Францияда эса мураббий чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси