Мактабларни очишда ота-оналар фикри ўрганилади – Шерматов мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларида 2020-2021 ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш ҳақида таклиф киритилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Telegram орқали ўтказилган ва деярли 1 млн фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70 фоиз ота-она боласи соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30 фоизи эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган.

“Шунинг учун, аҳолини кўпроқ қатламини рози қилишни инобатга олиб, фақат 3-сценарий, яъни ота-оналарнинг ўзларига танлаш ҳуқуқини бериш энг оптимал вариант бўлиб турибди”, дейди Шерматов.

Вазир баъзи хорижий давлатларда мактаблар очилганидан кейин касалланиш ортиши сабабли қайта ёпилганини ҳам эслатиб ўтган. Шу билан бирга коронавирус билан боғлиқ вазият яқин орада буткул изга тушмаслиги ҳам таъкидланиб, мактаблар очилмаса, болалар ўқишдан ортда қолиши мумукинлигини айтиб ўтган.

“Бир томондан, интернетда баъзи давлатларда мактаблар очилиб, касаллик кўпайиши натижасида қайтадан ёпилгани, болалар ўзи кучли касалланмасада, катталарга қараганда кучлироқ вирус ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқаляпти.

Иккинчи томондан, бу вирусдан яқин орада қутилмаслигимизни, вакцина ишлаб чиқилган тақдирда ҳам уни барча ҳавфсизлик синовларидан ўтказишга ва ишлаб чиқариб бизга етиб келишига анча вақт кетиши ҳам аниқ. Шунга, ушбу вақт даврида фарзандларимиз билим олишдан орқада қолиб кетмасликлари зарур”, дейди вазир.

Карантин қоидаларининг юмшатилиши касаллик ҳолатларининг ортишига олиб келиши мумкинлиги, уларни даволашга ҳам қўшимча вақт талаб этилиши кераклиги ҳамда ўқиш бошланишидан аввал уларни даволаб, камайтириш муҳимлиги каби факторларни инобатга олиб экспертлар фикридан келиб чиқиб, бу йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилган.

Шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган. 

“Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талаблар ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминланиш чоралари кўрилиш керак бўлади”, дея таъкидлаган Шерзод Шерматов.

Унинг сўзларига кўра, бугун-эрта барча мактабларда ота-оналардан сўровномалар ўтказиляпти.

“Бизга ҳар бир ота-онанинг фикри муҳим. Илтимос, ушбу сўровномада фаол қатнашинг! Пандемия шароитидан келиб чиқиб, айнан сизнинг фарзандингиз мактаб очилганда мактабга бориб ўқийдими ёки уйдан онлайн ўқийдими деган саволга фақат сиз жавоб бера оласиз! Бизга эса бу сўровномалар барча мактаблар кесимида аниқ, объектив ҳолат бўйича маълумотни йиғишга имкон беради.

Мактаблар қайта очилиши, таълимни аралаш кўринишда ташкил этиш, албатта, мактаб жамоасига қўшимча масъулият ва вазифалар юклайди. Шунинг учун, ушбу жараёнларда, ҳурматли ота-оналаримиздан, педагоглар меҳнатини ҳам қадрлашларини сўраб қоламиз!”, дея сўзини якунлаган ХТВ раҳбари.

Аввалроқ, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда мактабларни очиш масаласи кўрилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Шерматов

Баҳолаганлар

201

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг