Маҳалла тизимида қоғозбозлик тугатилади
Жамият
−
27 Сентябрь 2023
11380Президент Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва бошқа масъулларга маҳалла тизимида қоғозбозликни йўқотиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда у кеча, 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
“Маҳалла раиси дегани ўзининг командаси билан хонадонларга кириб одамларнинг муаммосини ҳал қилиши керак. Маҳаллага топшириқ ҳам, улардан сўров ҳам кўп. Муаллимнинг қанча қоғози бор эди?
Йўқ қилдик-ку. Шифокор қанча қоғозни тўлдириши керак эди?..
Ҳамма қоғозбозликни йўқотадиган қарорни ёзасиз. (Шерзод) Шерматов билан бирга ҳаммасини рақамлаштирасиз. Қоғоз умуман йўқ бўлиши керак маҳалла тизимида”, деган Мирзиёев йиғилишда.
Президентнинг топшириғига кўра, “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” платформалари ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда бирлаштирилади.
Шунингдек, маҳалладаги бешлик (маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори) “Маҳалла еттилиги”га айлантирилиши қайд этилган. Бунда уларнинг сафига солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам киритилади.
Еттиликнинг вазифалари эса қуйидагича белгиланди:
- маҳалла раиси эҳтиёжманд оилаларга уй-жойини яхшилашга кўмаклашиши;
- ҳоким ёрдамчиси ишсизларга иш топишга кўмаклашиши;
- ёшлар етакчиси ёшларни спорт, мусиқа ва тўгаракларга жалб этиши;
- хотин-қизлар фаоли аёлларни тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликка жалб қилиши;
- солиқ ходими маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга ҳамда ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиши;
- ижтимоий ходим ёлғиз кекса, ногирон ва бошқа муҳтожларга ижтимоий хизмат кўрсатиш каби аниқ вазифалар билан шуғулланиши лозим.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь