АҚШ “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қўллаб-қувватламоқчи
Жамият
−
16 Август 2023
5009Кеча, 15 август куни АҚШ пойтахти Вашингтонда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маъмурияти ўринбосари Изабель Коулман ўртасида учрашув бўлиб ўтди ҳамда меморандум имзоланди. Бу ҳақда агентлик сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, улар АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлиги, жумладан, IT соҳасини қўллаб-қувватлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва Ўзбекистонда хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилган.
Томонлар ўртасида имзоланган меморандум орқали USAID Ўзбекистон ҳукумати билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, ахборот технологияларини ривожлантиришга ёрдам бериш, ёшлар ва аёлларни IT соҳасига жалб қилиш орқали мамлакатдаги алоқа тармоқлари ва техник таълим муассасаларини ривожлантириш ва бошқа ташаббусларда ҳамкорлик қилади.
“1993 йилдан бери USAID Ўзбекистон халқи билан бирга ҳамда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб интеграциялашувида давомли ҳамкорликни кутиб қолади ”, дейилади USAID хабарида.
Эслатиб ўтамиз, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил октябрдаги қарори билан тасдиқланган. Лойиҳа доирасида белгиланган йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари доирасида, жумладан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида 400 дан ортиқ ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар жорий этилиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь