Мактаб директорлари янги тизим бўйича тайинланади
Жамият
−
24 Октябрь 2020
168462021 йил 1 январдан халқ депутатлари туман(шаҳар) Кенгашлари мактаб директорларини танловдан ўтказади. Бу ҳақда АОКАда Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантиш масаласида қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси юзасидан бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, умумтаълим мактаблари директорлигига номзодлар танловда келгуси уч йиллик дастури билан иштирок этади.
Маълумотларга кўра, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлаб олинган номзодлар мактаб директорлари вазифасида фаолиятини олиб боради. Шунингдек, умумтаълим муассасаси директори халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига дастурнинг ижроси юзасидан ҳисобот беради ва баҳоланади.
Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари директорларига интизомий жазо қўллаш ва лавозимидан озод этиш ҳам халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган маросимдаги нутқида мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми аниқ белгиланиши лозимлигини таъкидлаган эди.
Давлат раҳбари, шунингдек, мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда ҳисобот бериш тартибини белгилаш зарурлигини айтганди.
"Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши керак. Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради ва унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилади. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур", деган эди Президент.
Фаррух Муродқулов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь