Макрон ядровий каллаклар сонини оширишни буюрди
Олам
−
02 Март 1926 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Британия соҳилларига яқин Бретань ҳудудидаги баллистик ракета ташувчи сувости кемалари базасидан туриб мамлакат ядровий жанговар каллаклари сонини оширишни буюрди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
У “Франциянинг ҳаётий манфаатлари таҳдид остида қолса, ҳеч қачон иккиланмаслигини” таъкидлаган ва зарурат туғилса, Европа иттифоқчилари билан биргаликда “вазиятга қараб жойлаштириш” амалга оширилишини билдирган.
“Биз ядровий арсеналимиз ҳажмини энди ошкор қилмаймиз”, деган етакчи.
Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоботига кўра, Францияда тахминан 290 та ядровий жанговар каллак мавжуд. Макрон нутқи Россиянинг Украинага қарши уруши ва Эрон атрофида авж олаётган можаролар фонида Европа хавфсизлиги кескин синовдан ўтаётган паллада янграган.
“Илғор тийиб туриш” – НАТОга қўшимча қават
Макрон 45 дақиқалик мурожаатида “илғор ядровий тийиб туриш стратегияси”ни босқичма-босқич жорий этиш режасини тақдим этган. Унга кўра, бу ташаббус НАТОга муқобил эмас, балки стратегик ва техник жиҳатдан уни тўлдирувчи Европа қавати бўлади. Франция стратегик имкониятларини Европа ҳудуди бўйлаб машқлар ва вақтинчалик жойлаштиришлар орқали кенгайтириши мумкин.
Президентнинг айтишича, саккизта Европа давлати дастурга қизиқиш билдирган: Буюк Британия, Германия, Польша, Недерландия, Бельгия, Греция, Швеция ва Дания. Уларнинг айримлари Франция ҳарбий-ҳаво кучларининг стратегик авиатузилмаларини қабул қилиши мумкин.
Суверен қарор: “Сўнгги тугма” муҳокама қилинмайди
Макрон энг кескин нуқтани ҳам очиқ айтган: “Сўнгги қарор муҳокама қилинмайди”. Яъни ядровий қурол қўллаш масаласида Франция суверен баҳолаш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шу билан бирга, Париж, Лондон ва Берлин жуда узоқ масофали ракеталар лойиҳалари устида ҳамкорлик қилишини урғулаган. Бу ташаббус 2024 йилда ишга туширилган Европа узоқ масофали зарба ёндашуви доирасида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 2036 йилда хизматга тушиши режалаштирилган янги баллистик ракета ташувчи сувости кемаси “Invincible” деб номланади. Франция — Европа Иттифоқидаги ягона ядровий давлат. Шу боис Парижнинг бу қадами қитъа пойтахтларида диққат билан кузатилмоқда.
Жаҳонда ядровий қуролга эга деб ҳисобланадиган тўққиз давлат бор: Россия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Хитой, Хиндистон, Исроил ва Шимолий Корея. Улардан фақат биринчи бештаси Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасида расман тан олинган.