Макрон Атталнинг истеъфосини рад этди
Олам
−
08 Июль
4907Франция Президенти Эммануэль Макрон республика Бош вазири Габриэль Атталнинг истеъфосини қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда Елисей саройига таяниб, “Agence France-Presse” хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари Бош вазирдан “мамлакатда барқарорликни таъминлаш учун вақтинча ўз лавозимида қолишини” сўраган.
Макрон Атталь билан учрашгач, Ички ишлар вазири Жеральд Дарманинни қабул қилди, у ҳам сайловлардан кейин истеъфога чиқиш ниятини билдирди.
AFP’нинг ёзишича, ҳукумат Олимпиада (26 июль – 11 август) ва Паралимпия ўйинларини (28 август – 8 сентябрь) ташкил этиш мақсадида куз бошигача ўзининг ҳозирги таркибидаги фаолиятини давом эттиради.
Айни пайтда парламент сайловларида ғалаба қозонган “Янги халқ фронти” чап қанот альянси Бош вазир номзоди ва ҳукумат дастурини мувофиқлаштиришда давом этмоқда.
“Europe 1” радиостанциясининг фикрича, янги ҳукумат раҳбари номи яқин орада эълон қилинмайди. Шу билан бирга, Макрон Бош вазир номзоди бўйича якуний қарорни Миллий ассамблеянинг янги раиси сайланадиган биринчи йиғилиши ўтказиладиган 18 июлгача қабул қилмаслиги мумкин. Аввалроқ радио давлат раҳбари янги ҳукумат раҳбарини зудлик билан тайинлашга мажбур эмаслигини билдирган эди. Елисей саройи Президентга вазиятни таҳлил қилиш учун вақт кераклигини аниқ айтди. Бундан ташқари, Франция раҳбари эртага, 9 июль куни кечқурун Вашингтонга НАТО саммитида иштирок этиш учун учиб кетиши режалаштирилган. У жорий ишларга фақат 11 июль куни қайтиши мумкин.
Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, “Янги халқ фронти” альянси парламентнинг Миллий ассамблеяси (қуйи палатаси)га навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозониб, 182 ўринга эга бўлди. Ундан кейин “Республика учун бирга” (168) президентлик коалицияси, “Миллий бирлик” ўнг қанот партияси (143) ва ўнг марказчи “Республикачилар” партияси (46) бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Габриэль Атталь бугун, 8 июлга ўтар кечаси Президент Эммануэль Макронга ўз истеъфосини тақдим этишини айтганди.
LiveБарчаси